Россиянинг Обнинск шаҳрининг “Ермак” клуби 26 ёшли ҳужумчиси Виктор Кочетов ўзбекистонлик мигрантлар билан муштлашгандан кейин вафот этди, унинг  дўстлари эса Кочетовга ўз вақтида ёрдам кўрсата олишмади.

Obninsk.name’нинг ёзишича, Кочетов 11 октябрга ўтар кечаси вафот этган, ундан олдин “Ермак” клуби “Козелск” билан ўйнаб, мағлубиятга учради ва Калуга вилояти чемпионатининг кумуш медали совриндори бўлди.

Маълум бўлишича, футболчилар ушбу воқеани нишонлашди, лекин Виктор ва икки нафар футболчи зиёфатни Обнинскдаги Cherry саунасида соат 03:00гача давом эттиришди ва кеч бўлишига қарамасдан қўшни “Тошкент” кафесида ўтиришга қарор қилишди.

Кафе хўжайини Шерзод ўша кеча футболчилар қаттиқ маст бўлганларини, бироқ улар маст бўлишларига қарамай ўзларини яхши тутишганини маълум қилди.

Футболчилардан бири уларга уйга кетишни таклиф қилган, аммо улар яна бир муддат қолишларини айтишган.

Кафеда ўнга яқин одам бўлган, уларнинг уч нафари Ўзбекистон фуқароси (улардан икки нафари Samsung заводида ишлаган).

Ўзбекистонликлар футболчилар билан ўзаро келишиб мулоқот қилишди ва спиртли ичимликлар кўплигига қарамай, иккала компания ҳам ўзларини яхши тутишган ва кичик зиёфатдан сўнг, ўзбекистонликлар кафени тарк этишди, 15 дақиқадан кейин футболчилар уларга эргашишди.

Дастлабки версияга кўра, кўчада мигрантлар ва футболчилар ўртасида зиддият содир бўлган ва иш муштлашувгача борган.

Мазкур муштлашувда ўзбек мигрантларидан бири Виктор Кочетовнинг бурнини синдирган ва унинг бурнидан қон кета бошлаган.

Футболчининг дўстлари уни касалхонага эмас, уйига олиб боришган ва йўлда Кочетовда асфиксия кузатилган ва у ҳушидан кетди.

Аммо унинг дўстлари қаттиқ маст бўлганлари сабаб, улар Кочетовни ҳушдан кетганини пайқашмади.

Марҳумнинг рафиқасининг айтишича, Кочетов уйига ҳеч қандай ҳаётий аломатларсиз олиб келинган.

Тез ёрдам машинаси қирқ дақиқадан сўнг етиб келган ва футболчини қутқариб қолиш имкони бўлмаган, Кочетев зарба кучидан эмас, балки асфиксиядан вафот этган.

Футболчининг қариндошлари унинг ўлимида дўстларини айблашади, улар уни касалхонага ўз вақтида олиб бормаган.

Шунга қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 111 -моддаси 4 -қисми – қасддан баданга оғир шикаст этказиш, эҳтиётсизлик оқибатида жабрланувчининг ўлими билан жиноят ишини қўзғатди.

Мазкур мушлашувда қатнашган Оғабек исмли эркак қўлга олинди, Хоразм вилоятидан бўлган Аллашукур Каримов мамлакатни тарк этиб, халқаро қидирувга берилган. Ҳодисада қатнашган учинчи шахс ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.