Интернет ижтимоий тармоқларида мактабда қизлар ўртасида катта жанжал юзага келганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё ИИВ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 20 сентябрь куни Чироқчи тумани 2, 4 ва 5-умумий ўрта таълим мактаблари 9, 10, 11-синфининг 3 нафар ўқувчилари, олдиндан келишмовчилиги бўлганлиги сабабли, 1-умумий ўрта таълим мактаби маъмурий биносига борганлиги, шу орада ўзаро гаплашиш вақтида жанжаллашиб қолишган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан 1-умумий ўрта таълим мактабида ички ишлар органлари, халқ таълим бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамда ота-оналар иштирокида, жанжални келиб чиқиш сабаблари ўрганилиб, муҳокама қилинмоқда.

Ҳозирда барча ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилгани айтилган хабарда.

Аввалроқ, Қашқадарёда 17 ёшли қиз ўз отасини ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Қашқадарёнинг Қамаши туманида 6-синф ўқувчисини ўғирлаб, зўрламоқчи бўлган эркак қўлга олинган эди.