Паркент туман прокуратураси томонидан туман тиббиёт бирлашмасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфланиши, давлат мулки ва бошқа объектларни сақланиши юзасидан текшириш ўтказилган. Бу ҳақида ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Текшириш якунига кўра, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 2019-2020 молия йилида бюджет ва смета-штат интизомини 1 млрд. 193 млн 205 минг сўм миқдорда бузган. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахслари 1 млрд. 511 млн 123 минг сўм пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Мазкур ҳолатлар 36 нафар туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари ва ишга алоқадор гувоҳларнинг кўрсатмаларида баён этилган. Бундан ташқари, соҳталаштириб, нотўғри маълумотлар киритилган табеллар, штат-смета ҳужжатлари ва бошқа далиллар иш ҳужжатларига қўшилган.

Айбланувчиларга нисбатан процессуал тартибда “қамоқ”, “уй қамоғи” ва “гаров” эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Юқоридагиларга кўра, Паркент туман прокуратураси томонидан тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 184(1)-моддаси 2-қисми ва 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва тергов якуни бўйича жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун ЖИБ Паркент туман судига юборилган.