Афғонистонда теракт содир бўлган Қундуз вилоятида ер қимирлади. Бу ҳақда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 18 октябрь куни Тошкент вақти билан 01:12 да (17.10.2021 йил, Гринвич бўйича 20:12 да) Афғонистоннинг Қундуз вилоятида зилзила содир бўлди.

Зилзила координаталари: 36,29 градус шимолий кенглик; 70,35 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=4,9. Чуқурлик 185 км. Зилзила эписентри Тошкентдан 562 км жанубий-шарқда.

Қайд этиш жоиз, 8 октябрь куни Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги масжидида портлаш содир бўлган эди. Ушбу портлаш натижасида 80 киши ҳалок бўлди, 100 нафар одам жароҳат олди. Ушбу терактни ИШИД бўйнига олди.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни Тошкент вақти билан 03:35 да (11.10.2021 йил, Гринвич бўйича 22:35 да) ер силкинишлари содир бўлган эди.

Август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.