Ҳозирда “Арсенал”нинг ишлари ҳавас қилгули даражада эмас. Арсен Венгер жамоани тарк этгандан кейин “канонирлар” ҳаттоки, кучли тўртликка кириши иложсиздек бўлиб қолмоқда. Бунга сабаб нима…?

Молиявий тарафдан қарайдиган бўлсак “Forbes” нашри 2021 йилги маълумотларига кўра, “Арсенал” дунёдаги энг қиммат футбол клублари орасида саккизинчи ўринда туради ва 2,8 миллиард долларга баҳоланади. “Deloitte” аудиторлик компанияси маълумотларига кўра, 2021 йил январь ҳолатига кўра, “Арсенал” 388 миллион евро даромад билан энг даромадли футбол клублари рейтингида 11 -ўринни эгаллади

Жамоа тарихига юзланадиган бўлсак:

“Арсенал” клуби 1886 йил октябрь ойида Лондоннинг жануби -шарқида(Ислингтон шаҳри), Вулвичдаги “Рояль “Арсенал” артиллерия заводида ишчилар томонидан ташкил этилган. Клуб дастлаб “Dial Square” деб номланган.

1891 йилда клуб профессионал мақомини олгач, у “Вулвич Арсенал” деб номланди. Мухлислар клубни “Вулвич қизиллари” деб ҳам аташган. “Вулвич Арсенал” 1893 йилда футбол лигасига қўшилди ва буни қилган биринчи жанубий жамоага айланди.

“Арсенал” ўз тарихининг кўп қисмини инглиз футболининг юқори дивизионида ўтказган, 1992 йилда клуб Англия Премьер-лигасининг асосчиларидан бирига айланган. Шунингдек, клуб Англия чемпионатининг 1919 йилдан буён юқори дивизионида ўтказган кетма-кет мавсумлар сони бўйича рекордчи ҳисобланади

                                                                              Арсен Венгер

1996 йилда Арсен Венгернинг жамоа бош мураббийи этиб тайинланиши матбуот ва мухлислар учун умуман кутилмаган воқеа бўлди. Ҳамманинг оғзида битта савол “Арсен ким?” ...

Венгер ўша пайтда Японияда ишлаган ва кам одам у ҳақида эшитган. Ҳеч ким бу одам “Арсенал” тарихидаги энг муваффақиятли мураббийга айланишини тасаввур ҳам қила олмасди. Айнан унинг тавсияномаси бўйича Денис Бергкамп пайтда сотиб олинган.

Айнан Венгер катта клубнинг замонавий талабларига жавоб бермайдиган, “Хайбери”(38 419) стадионининг ўрнига янги стадион (Эмирейтс, 60 704) қурилиши ташаббускори бўлган. Унинг раҳбарлиги остида кўплаб ёш истеъдодлар жаҳон даражасидаги юлдузларга айланишди. Қолаверса, Венгер “Арсенал”нинг эски зерикарли ўйин услубидан воз кечди. У жамоага ёрқин ҳужумкор ўйинни сингдирди, у умумий самарадорлик билан бир қаторда ортиб бораётган мухлислар қалбини забт этди. АПЛ тарихидаги энг яхши натижани ҳам айнан Арсен Венгер( 2003/04 мавсум 49 ўйинда мағлубиятсиз серия) қайт этган


“Арсенал” Арсен венгер қўл остида жамоа уч марта Англия чемпиони (1997/98, 2001/02, 2003/04), 7 карра Англия кубоги соҳиби( 1997/98, 2001/02, 2002/03, 2004/05, 2013/14, 2014/15, 2016/17) ҳамда 7 бора Англия супер кубигини (1998, 1999, 2002, 2004, 2014, 2015, 2017) қўлга киритган.

Арсен Венгер 2018 йил “Арсенал”даги фаолиятини якунлади. Ҳозирда Венгерга Франциянинг “ПСЖ” клуби қизиқиш билдирмоқда.

Унаи Эмери омадсизлиги

2018 йил 23 майда Эмери “Арсенал”га бош мураббийи этиб тайинланди. Шартнома 1 июлдан кучга кирди. 2019 йил май ойида Эмери Жамоани Европа Лигаси финалига олиб чиққан биринчи мураббий бўлди. Бироқ, финал учрашувида “канонирлар” азалий рақиби “Челси”га 1:4 ҳисобида ютқазишди. Шу билан бирга, Англия чемпионатида “Арсенал” кейинги мавсумда 5-ўринни эгаллаб Чемпионлар Лигасига ҳам чиқа олмади ва барча кубок турнирларида муваффақиятсизликка учради. Эмери 2019 йил 29-ноябрда истеъфога чиқарилди, ўшанда “Арсенал” турнир жадвалида 8-ўринда эди.

Ҳозирда Эмери “Вильярреал” бош мураббийи сифатида иш олиб бормоқда.

Микель Артета

Арсеналнинг собиқ футболчиси, ҳозирда эса мураббийи Микель Артета 2011 йил 31 августда 10 миллион фунт эвазига Лондоннинг “Арсенал” клубига кўчиб ўтди. 2016 йил 16 майда у футболчи сифатида фаолиятини тугатганини эълон қилди.

Кейинчалик унинг ватандоши Пеп Гвардиола уни ўзининг олдига олди. Артета “Манчестер Сити”да ёрдамчи мураббий сифатида ишлади ва кейинчалик ўзининг жонажон жамоаси “Арсенал”га бош мураббийга айланди.

Артетанинг “Арсенал”даги фаолияти

2019 йил 19 декабрда Микель Артета Лондоннинг “Арсенал” клуби билан 3,5 йиллик шартнома имзолаган эди. Артета “Арсенал”нинг аҳволини сезиларли даражада яхшилай олмади: жамоа фақат 10-ўриндан 8-ўринга кўтарилди, бу охирги 25 йилдаги энг ёмон натижаси эди. Шунга қарамай, Артета “канонирлар”ни Англия кубогида ғалабага олиб келди (2019/20), улар финалда “Челси”ни мағлуб этишди. Кейинчалик Артета “Ливерпуль”ни пенальтилар сериясида мағлуб этиб (2020), Англия Суперкубогини қўлга киритди.

“Арсенал” кейинги мавсумни яна 8 -ўринда тугатди ва дастлабки босқичда кубок турнирларидан чиқиб кетди. Артета шогирдлари Европа Лигасидаги ғалаба билан мавсумни янада ёрқинроқ қилишлари мумкин эди, лекин ярим финалда улар турнирнинг бўлажак ғолиби «Вильярреал”га ютқазиб қўйишди. “Топчилар”нинг бундай ўйини 25 йил ичида биринчи марта клубнинг Европа мусобақасига чиқа олмаслигига олиб келди.

“Арсенал” яна олдинги даражасига чиқа оладими?

Клуб Англиядаги ўрнини қайтариши учун жамоада имкониятлар етарли. Жамоа ҳозирда АПЛда 11-ўринда бу ,албатта, “Арсенал” мухлисларини хафа қилиши мумкин. Aммо, бу клуб ҳеч қачон жангсиз таслим бўлмайди. Жамоа АПЛда ёмон стартни қайт этган бўлсада, мураббийи Артета буларни ҳисобга олган ҳолда “Арсенал”ни Венгер давридаги даражасига қайтаришга ҳаракат қилади.

Камрон Ҳасанов