Афғонистондаги Ибн Сино шифохонасида даволанаётган гиёҳвандлар сони 700 нафарга етди. Бу ҳақда “Amerika ovozi” маълум қилди.

Афғонистонда гиёҳвандлик кенг тарқалган. Толибон бу иллатга қарши курашишни бошлади. Кўчаларда тўдалашиб турган гиёҳвандлар қўлга олиниб, касалахоналарга мажбурлаб олиб кетилмоқда.

Шундай бўлса-да, Толибон афюн савдосидан катта даромад кўриши ҳаммага маълум. Гуруҳ эса буни инкор этиб келмоқа.

Маълумотларга кўра, дунёда мусодара қилинган морфин ва героиннинг 80 фоиздан ортиғи Афғонистонда етиштирилган. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш идораси ҳамда Афғонистон Миллий статистика ва ахборот бошқармаси билан ҳамкорликда 2020 йили ўтказган тадқиқотига кўра, Афғонистонда 2020 йилда кўкнор етиштириш 2019 йилга нисбатан 37 фоизга ошган.

Жами ҳисобда 6300 тонна афюн етиштирилган. 2020 йилда 224 минг гектар ерда етиштирилган бўлса, 2019 йилга нисбатан бундай ҳудудлар 61 минг гектарга кўпайган ёки бошқача айтганда, 37 фоизга ошган.

Ҳозирда мамлакатнинг 34 вилоятидан 22 тасида кўкнор етиштирилади. Ҳилманд эса мамлакатнинг кўкнор етиштирадиган асосий вилояти саналади.