Бугун Ўзбекистон туманида Рақамли технологиялар марказининг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Жамшид Эгамбердиев, туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Ушбу марказда малакали мутахассислар томонидан ёшларимиз компьютер саводхонлиги, веб-дастурлаш, веб-дизайн, график-дизайн, мобил иловалар яратиш, киберспорт, мобил робототехника, ахборот технологияларида инглиз тили ҳамда SMM (интернет маркетинги) билан ишлаш бўйича ўқитилади. Уларга ушбу йўналишларда кенг имкониятлар яратилди“, – дейишди сўз олганлар мамнуният билан.

Марказ фаолияти учун Яйпан почта боғламаси биносининг 2-қаватидаги хоналар туман ҳокимлиги томонидан қайта таъмирланган бўлса, Республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги уларни  замонавий техник жиҳоз ва воситалар билан таъминладилар.

Энди бу ерда тумандаги “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатларига киритилган фуқаролар ва уларнинг фарзандлари ҳам  бепул тарзда компьютер саводхонлиги ва ахборот-коммуникация соҳасида дастлабки кўникмаларни эгаллашлари мумкин.

Шу куни тадбир иштирокчилари янги марказдаги шарт-шароитлар билан танишдилар.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Амити университети, Тошкент ахборот технологиялари университети каби нуфузли олийгоҳлар ректорлари ҳамда ушбу соҳанинг етук мутахассислари, дастурчилар эса туман ёшлари билан суҳбатлашиб, илк мастер-класс машғулотларини амалга оширишди.