Олдин хабар бериб ўтганимиздек, УзЛиДеП партиясидан президентсик сайловлари учун номзоди илгари сурилган амалдаги президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилоятига сафар уюштириб, сайловчилар билан учрашди.

Президент мазкур учрашув доирасида Тошкент вилоятининг ҳам ўз телерадиоканали ташкил этилиши борасида тўхталиб ўтди.

Тошкент вилояти қадимдан илм-фан, ҳунармандчилик, маданият юксак тараққий этган маконлардан бири бўлгани сизларга маълум. Ўрта асрларга оид тарихий манбаларда, бундан минг йил аввал Шош вилоятида 40га яқин обод шаҳарлар бўлгани ёзиб қолдирилган.

Амир Темур бобомиз ҳозирги Оққўрғон тумани ҳудудидаги мўғуллар вайрон қилган қадимий шаҳарни қайта тиклаб, ўғлининг номи билан Шоҳрухия деб атагани ҳам, буюк соҳибқироннинг бу ўлкага меҳри ўзгача бўлганидан далолатдир.

Ушбу табаррук диёр – Шайх Умар Боғистоний, Хожа Аҳрор Валий, Абу Сулаймон Банокатий сингари азиз авлиёларга бешик бўлганидан ҳаммамиз ифтихор қиламиз. Зангиота меъморий мажмуаси бутун минтақада маълум ва машҳурдир. Ушбу табаррук зиёратгоҳни обод қилиш бўйича қатор савобли ишлар амалга оширилганидан барчангиз хабардорсиз.

Тошкент вилоятида камол топган Бадриддин Чочий, Гулшан, Алмаий, Сидқий Хондайлиқий, Музайяна Алавия сингари ўнлаб етук ижодкорлар, ўз даврида вилоят ривожига муносиб ҳисса қўшган Ҳамроқул Турсунқулов, Жўра Хонназаров, Султон Сегизбоев, Ким Пен Хва, Турсуной Охунова каби таниқли инсонларнинг номларини чуқур ҳурмат билан ёдга оламиз.

Хумсон қишлоғида туғилиб ўсган тараққийпарвар олим, шоир ва таржимон Элбек “Миллатнинг нажоти – мактабда, муаллимда”, деб билган. Абдулла Авлонийнинг шогирди бўлган адиб, янги усулдаги кўплаб дарслик ва қўлланмалар яратган.

Мустабид тузум даврида қатағонга учраган истиқлол фидойисининг номини абадийлаштириш мақсадида Нурафшон шаҳрида кўркам ва замонавий кутубхона барпо этиб, уни Элбек номидаги вилоят марказий кутубхонаси, деб атасак, сизлар нима дейсизлар?

Бугунги ахборот ва янгиликларга талаб тобора кучайиб бораётган бир пайтда Тошкент вилоятининг ҳам ўз телерадиоканалини ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблайман”, – дейди Мирзиёев.