15 октябрь куни “Yuksalish”  умуммиллий ҳаракати залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлиси олдидан Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олим Ўсаров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев, журналистлардан – Анора Содиқова, Дилдора Саъдуллаева ҳамда Effect.uz Ахборот агентлиги раҳбари Акмал Эшонхоновлар иштирок этишди.

Йигирманчи ялпи мажлисда Музейлар ҳақида ҳам тўхталиниши кўзда тутилганлиги тўғрисида сал олдинроқ хабар берган эдик.

 

Қўмитаси мажлисида журналист Анора Содиқовага сўз берилганида у собиқ МХХ биноси қонунга зид равишда сотиб юборилганлигини маълум қилди:

“Музейлар ҳақида ҳам ёзганмиз. Маданий меърос дейдиган бўлсак масалан, собиқ МХХ биноси бу 2019 йилдаги Президент фармонига кўра, маданий меърос ҳисобланади. Ўзбекистон Қонунларига қарайдиган бўлсак, маданий меъросларни хусусийлаштириш мумкин эмас. Аукционга ҳам қўйиб бўлмайди. Лекин давлатнинг ўзи буни сотиб юборди. Неча марталаб ёздик бу борада. Фойдаси бўлмади. Катта ОАВларда бонг урилди. Лекин ҳеч ким индамади ҳайронман!” – деди бундан олдин ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, Миллий гвардия кўз ўнгида ўлиб кетишига оз қолган “мардикор-журналист” Анора Содиқова.