Effect.uz таҳририятига Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидан бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат билан чиқишди. Унга кўра, ўзини депутат дея таништирадиган Бахтиёр исмли фуқаро бошчилигидаги бир гуруҳ аҳоли тумандаги Сурум маҳалласида фаолият олиб борадиган тадбиркорларнинг промзонага кириб-чиқадиган йўлини “тинчлигимизни бузяпсизлар” деган иддао ила бетон тўсиқларни жойлаб, ўзбошимчалик билан беркитиб олган.

Ҳатто шу йўлдан ўтиб кетаётган машиналар орқасидан тошбўрон қилиш ҳолатлари содир бўлган.

 

Мазкур ҳолатдан азият чеккан тадбиркорлардан бири ҳолатга қуйидагича изоҳ билдирди:

“Йўл масаласи бизни қийнамоқда. Бу халқ билан келишиб бўлмаяпти. Гўёки, биз уларнинг тинчини бузяпмиз. Буни қандай тушуниш мумкин? Уйига бостириб кирганимиз йўқ. Ўғриликка тушганимиз йўқ…

Давлатни йўли, депутат қарши, прокуратура қарши, ҳокимият қарши ҳаммаси қарши. Биз ишлашимиз керак. Заводларимизнинг катта кредитлари бор. Шу ҳолатлар сабаб ҳозирнинг ўзида 300 миллион зарарга кириб бўлдик. Ишчиларнинг маоши берилгани йўқ. Кунига 1,5 млн топадиган машиналар шу ерда таҳланиб турибди.Ўтсак тош билан уришади. Тушунмаяпмиз…

Давлат органларидан ҳам одамлар келди. Ҳаммасини тили бирдек, бу ерда ишлаётганлар ҳаммамиз ҳар ердан, ишлаш учун, нон топиш мақсадида келганмиз.

60 метр шланка билан сув сепадиган одамлар топиб, уни ойлигини ёнимиздан бериб ишга тушириб ҳам қўйдик. Уларга яна нима қилиб беришимиз керак, билмадим?“Тадбиркорсан, асфальт қилиб бер” дейди! Асфальт завод эмас-ку бизни завод! Маҳсулотларимиз уюлиб ётибди. Шунча маҳсулотни нима қиламиз? Бошқа давлатларга олиб чиқиб кетмаймиз-ку!

“Tashkent City” дейишади, шу city’ларга ҳамма маҳсулот мана шу ердан кетяпти. Тадбиркорни йўлини очинглар деяпти ҳукуматимиз. Аксинча йўлимизни ёпиб ташлашган. Нима қилайлик? Ҳар кун уруш-жанжал.

Ҳар куни муаммо. Ппрезидентга чиқишимиз керакми? Ҳеч ким эшитмаяпти бизларни”, – дейди муаммолардан тинкаси қуриган тадбиркор.

Шунингдек, муаммони батафсилроқ тушуниш мақсадида яна бошқа бир тадбиркорнинг фикрларига қулоқ солдик:

“Қуйичирчиқ тумани Сурум маҳалласида тадбиркорлик билан шуғулланамиз. Бу ер асосий “промзона” жойи ҳисобланади. Тахминан 2 километр аҳоли яшаш жойидан ўтиб борилади. 45 нафардан ортиқ тадбиркор бор. Агар ҳар бирида ўртача 20 нафардан ишчи бор деб ҳисобласак, 900 – 1000 та одам иш билан таъминланган. Ундан кўп бўлиши ҳам мумкин. Бу шунчаки тахминий рақамлар.

Шунча одам икки ойдан бери маошини ололмаяпти, оиласини боқолмаяпти. 1000 одамнинг оиласида 3 – 4 нафардан аъзо бор деб ҳисобласангиз 3-4 минг одамнинг аҳволи нима бўлаёган экан? Шу маҳалладаги 5 – 6 кишини деб, улар оч қолиши керакмаску!

Мазкур маҳаллада бир депутат бор – Бахтиёр. Ўзини депутат деб таништирган аслида бу маҳаллага қарашли эмас. Лекин шу одам келиб, гувоҳнома кўрсатиб, халқни қўзғалон қилиб, “йўлга чиқинглар”, “йўлни тўсинглар”, “биз халқмиз, ҳеч ким бизга қарши чиқа олмайди” деб уларни кўтаряпти.

Бу йўл аслида маҳалла йўли ҳам эмас, давлатга қарашли магистрал йўл. Лекин ҳокимият билан алоқага чиқиб, катта машиналар ўтмасин деб белгилар ҳам қўйиб ташлашган. Тушунарсиз қарорлар чиқариб олишган.

Аслида бундай ҳолат ҳар йили бўлади. Ҳар йили мажбуран нимагадир ҳомийлик қиламиз. Тратуар ҳам қилиб бердик маҳаллага, столбаларга чироқ ҳам ўрнатиб бердик. Бир-икки кишининг уйини таъмирлаб ҳам бердик. Шу нарсаларга ўрганиб қолишган. Ҳар йили такрорланади”, – дейди иккинчи тадбиркор.

Бундай қийналаётган тадбиркорлар орасида хитойлик инвестор борлиги ҳам алоҳида аҳамиятга молик.

“Биз Хитой қурилиш компаниясиданмиз. Ўзбекистон аҳлига сифатли бетон маҳсулотини етказиб бериш мақсадида завод очган эдик. Аммо техникалармизнинг кириб чиқишига йўл қўйишмаяпти. Йўлимизни тўсиб қўйишган. Устига-устак ишлаб чиқараётган бетон маҳсулотимиз чиқиб кета олмаяпти ҳам қанча-қанча бетон қотиб кетди”, дейди Ўзбекистонга 8 – 10 миллион атрофида инвестиция киритган Хитой компанияси вакили.

Бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, айнан ўша депутат ҳолатга туман ҳокими аралашиб, амалий ёрдам бермаган.

“Бу йўлдан юрмайсанлар. Сенлар учун алоҳида ўрмон йўли ажратилган” деб йўлимизни тўсади депутат. Аммо у ўрмон йўлини йўл деб бўлмайди. Ямага тўлиб ётибди. Машина бир марта юрганда баллони, ресоли ёки яна бирор жойи ишдан чиқади. У аслида МЧС тарафдан тошқин ёки бошқа фавқулотда вазиятлар содир бўлган пайтда фойдаланиш учун очилган йўл ҳисобланади. Наҳотки, бутун бошли бир туманнинг ҳокими шунга аралашиб йўлимизни очиб бера олмаса…”, – дейди яна бошқа бир тадбиркор.

Бизга маълум бўлишича, тадбиркорлар олдинроқ икки уч марта аҳоли ва Давлат солиқ қўмитасининг тумандаги бошқармаси талабига кўра, ҳеч қандай шартномасиз номаълум ҳисоб рақамга 5 – 6 миллион сўмдан йиғиб беришган.

Бу ҳам етмагандек, Бахтиёр исмли депутат “Tashkent City”га юк олиб кетаётган юк машинаси ҳайдовчисини “10 В 001 СА” рақамли “Каптива” русумидаги машинасида қувлаб бориб, сиқиб тўхтатган. Ҳайдовчини машинадан қўполлик билан тушуриб, уни бў йўлдан юргани учун дўппослашгача борган.

Effect.uz журналистлари ҳолатни ўрганиш учун борган вақтда айнан шу депутат ва унинг тарафдорлари тадбиркорларни оммавий дўппослашгача боришди, орада қисқа муштлашув содир бўлди. “Мен депутатман истаганимни қиламан” дея аййуҳаннос солди.

Таҳририят ходимлари ўзини депутатман дея таништирган Б. исмли фуқаро қачон ва қаерда депутат бўлиб ишлагани тўғрисида аниқ маълумот ола билишмади. У вазиятни суратга тушираётган фуқароларни ўта қўполлик билан ҳақоратлаб, одоб-аҳлоқ қоидаларидан четга чиқишгача борди.

Қуйи Чирчиқ туманидаги мазкур ҳолат бўйича тегишли мутассадилардан амалий ёрдам кутилади.

Журналистлар: Даврон Ҳасанов, Раҳматилла Насриддинов

Мақола муаллифи: Абдуллохон Исроилхонов

Оператор ва монтаж устаси: Ойбек Тўраев, Суҳроб Умаров