Фарғона шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида вилоят ҳокимининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси Отабек Атабаев, Россия халқлар дўстлиги университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Андрей Колесников ҳамда соҳага алоқадор ташкилот ва идоралар мутасаддилари иштирокида семинар ташкил этилди.

Унда Отабек Атабаев Россия Федерациясининг Меҳнат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Сахарово Миграция маркази ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўртасида тузилган келишувга асосан Россия Федерациясининг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига қурилиш соҳасида ишлаш учун 10 мингта бўш иш ўринлари таклиф қилинганлиги ҳамда юртдошларимизни Ўзбекистоннинг ўзида тиббий кўрикдан ўтказиш ва ишлаш рухсатномасини (патент) расмийлаштирган ҳолда Россия Федерациясига жўнатиш йўлга қўйилганлигини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, Россия Федерациясига етиб бориш ва ишлаш рухсатномасини расмийлаштириш ҳаражатлари ҳам иш берувчи томонидан тўлаб берилиши маълум қилинди.

Тадбир давомида Андрей Колесников ҳам Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Фарғона филиали билан олиб борилаётган ишлар ижобий самара бераётганлигини ва бугунги кунда Фарғона вилоятидаги Олий таълим ва касб-ҳунар коллежларида фаолият олиб борувчи 53 нафар ўқитувчилар малака ошириш курсларини якунлаганлигига эътибор қаратди ва уларга Россия халқлар дўстлиги университетининг тегишли сертификатлари топширилди.