Бухоро вилояти Шофиркон туманида баҳоси 30 минг АҚШ доллар бўлган ер текисловчи техниканинг хотира қурилмаси ўғирлиги жинояти фош этилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.

Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, 2021 йил 6 октябрь куни номаълум шахс, Шофиркон тумани Тезгузар маҳалласида фаолият олиб борувчи автомашиналарга техник хизмат кўрсатувчи устахона ёнида қаровсиз қолдирилган “ВАЗ-2106” русумли автомашинани тунашган. Унинг орқа ўриндиғида бўлган баҳоси 30.000 АҚШ доллар, Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қиймати 320.641.800 сўмга тенг бўлган ер текисловчи трактор техникасининг хотира қурилмасини яширин равишда ўғирлаб кетилган.

Мазкур ҳолат юзасидан келиб тушган хабар асосида туман Ички ишлар бўлими тергов-тезкор гуруҳи томонидан кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича ўтказилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни Шофиркон тумани Тезгузар маҳалласида истиқомат қилувчи 1971 йилда туғилган М.Н. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далил билан қўлга олинган.

Ҳозирда, жиноят иши бўйича гумон қилинувчи М.Н.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.