Бир-неча кун олдин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев “UzAuto Motors” истеъмолчилар ҳуқуқларини бузаётганини маълум қилиб, уларга нисбатан кескин чора кўришларини талаб қилган эди.

Жумладан, “UzAuto Motors”  4-позиция Chevrolet Cobalt’ни кутаётган мижозларга автомобил ўриндиғини иситиш модулисиз таклиф этмоқда экан.

Ушбу комплектация 1 млн сўмни ташкил этади ҳамда ушбу сумма мижозга қайтариб бериларкан. Компаниянинг ушбу ҳаракатлари бир қатор саволларни келтириб чиқаради…”, – деган эди Кушербаев.

“UzAuto Motors” бунга нисбатан жавоб тариқасида қуйидагиларни ёзиб чиқди.

“UZAUTO MOTORS” ПОЗИЦИЯСИ ХАРИДОРЛАРГА ТАНЛОВ ҲУҚУҚИНИ БЕРИШ – АВТОМОБИЛНИ ЎРИНДИҚ ИСИТГИЧИ ОПЦИЯСИЗ 1 МИЛЛИОН СЎМ КОМПЕНСАЦИЯ БИЛАН ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ ЁКИ ЕТИШМАЁТГАН ДЕТАЛНИНГ ЕТКАЗИЛИШИНИ КУТИШ

Шу ҳафтада жамоатчилик орасида машҳур депутат “UzAuto Motors” харидорларга муддатидан олдин Чевролет Cобалт автомобилини ўриндиқ иситгичи модулисиз топшириш ҳақидаги қарорига нисбатан очиқчасига даъво билан чиқди.

Компаниянинг харидорлар учун автомобилни олиш муддатини тезлаштириш имконини берувчи таклиф этилган ташаббуси, депутат томонидан кўплаб айбловларга дуч келди. Унинг фикрича, биргина опциясиз юзлаб Cобалт автомобиллари зарур яримўтказгичлар келгунигача компания омборида қолиши керак.

Депутатни харидорларнинг фикри қизиқтирмайди. “UzAuto Motors” позицияси харидорларга танлов ҳуқуқини бериш – автомобилни ўриндиқ иситгичи опциясиз 1 миллион сўм компенсация билан қабул қилиб олиш ёки етишмаётган деталнинг етказилишини кутиш. Ваҳоланки, тўлиқ комплектацияли автомобилни етказиб бериш муддати ўз кучида қолади.

Яримўтказгичларнинг танқислиги, ишлаб чиқаришнинг қисқариши, навбатлар – бутун дунё автомобилсозлик саноати кризис даврни бошдан кечирмоқда. “UzAuto Motors” ҳам бундан мустасно эмас.

Яримўтказгич компонентининг етишмовчилигига тўхталадиган бўлсак – бу юзага келган вазият форс-мажор бандига тўғри келади. Форс-мажор ҳолатлар юзага келганда жарималар кўзда тутилмаган.

Автомобилни харид қилиш шартномасида истеъмолчи тўловни тўлиқ қайтариш шарти билан маҳсулот харидидан воз кечиши, алмаштириши ёки комплектасия ўзгаргани учун қайта ҳисоб-китоб қилиши кўрсатилган 2.4 банд бор. Сўнгги танлов харидорда қолади. Истеъмолчи ҳуқуқи ҳурмат қилинади.

Сўнгра, ҳурматли депутат ўриндиқ иситгичи модулисиз бериладиган автомобилни “брак”деб атади.

Қўшимча опциянинг йўқлиги яроқсиз ҳисобланмайди. Ушбу қонунда “брак” (яроқсиз) сўзининг ўзи умуман йўқ.

Халқ сайлаган депутат «брак» (яроқсиз) сўзи билан маҳсулотдаги етишмовчиликни назарда тутган кўринади.

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19 -моддасига биноан – маҳсулотдаги етишмовчилик – бу маҳсулотни тўлиқ мақсадли ишлатилишидаги камчиликдир.

Яъни, ҳурматли депутат, ўриндиқ иситгичисиз автомобилдан фойдаланиб бўлмайдими? Бундан кўриниб турибдики, депутат кўрсатган қонунини ўзи ўқимаган.

Нотўғри талқин, ўзбошимчалик билан хулоса чиқариш, фуқароларни чалғитиш “UzAuto Motors” экспертларида халқ депутати ўз мамлакатининг қонунчилигини билишига жиддий шубҳа уйғотди.

Шундай қилиб, бирор бир депутат норматив ҳужжатларни ўзича талқин қилиб, ихтиёрий равишда ёки беихтиёрий ўз аҳолисини норозиликка чақиришга қанчалик ҳақли?” – дейилади компания баёнотида.