Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида Ўзбекистон-Афғонистон музокаралари бошланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 7 октябрда Афғонистонга ишчи ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масаласини муҳокама қилиш учун “Толибон” ҳаракати вакиллари, Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салам Ҳанафий бошчилигидаги делегация Термизга ташриф буюрди.

Ушбу музокараларда Ўзбекистон делегациясига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилик қилмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу учрашув 15 октябрь кунига қолдирилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра ун, ёғ, гўшт, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами 25 та вагондан иборат эзгулик поездида Афғонистон Ислом Амирлигига етказиб берилганди.