Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Навоий вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Номзод Навоий вилоятига сафарини Навоий “Эркин иқтисодий зонаси”да жойлашган “Telecom innovations” МЧЖ фаолияти билан танишишдан бошлади.

Қўшма корхона масъуллари Н.Обломуродовни корхона фаолияти билан таништирди. Корхонанинг ташкил бўлиши, амалга оширилган ишлар ва келажакдаги режалар ҳақида маълумот берилди.

“Telecom innovations”  МЧЖ қўшма корхонасининг асосий фаолият тури, телекоммуникация, маълумот узатиш, ахборот-компьютер тизимлари, радио ва телевидение учун ускуналарни ва электрон воситаларни ишлаб чиқариш, лойиҳалаш, такомиллаштириш ва амалга жорий қилишдан иборат.

Бугунги кунда МЧЖ “TELECOM INNOVATIONS” ҚКда ишлаб чиқариш цехи ва 13 та бўлимлар мавжуд бўлиб, 85 нафар ходим ҳамжиҳатликда ишлаб келмоқдалар. Шулардан 17 нафари бошқарув ходимлари, 68 нафари мутахассис ва ишчилардир.

Сўнгги йилларда қўшма корхона ривожланиши натижасида 45та қўшимча иш ўринлари яратилди.

Ишлаб чиқариш салмоғини ошириш, замонавий телекоммуникацион қуриламалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида, чет эл юқори малакали мутахассислар жалб қилиниб, қўшма корхона ходимлари малакаси оширилди. Бундан ташқари 5 нафар мутахассислар чет элда узоқ муддатли малака ошириб келди. Ҳозирги пайтда раҳбар ходимлар йилига бир маротаба, мутахассилар эса уч йилда бир маротаба махсус ўқув курсларида иштирок этиб , малака ошириб келмоқдалар.

Бундан ташқари қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилган телекоммуникацион махсулотларга кафолат муддати даврида ва ундан кейин ҳам сервис хизматлари кўрсатиб келмоқдамиз.

Шунингдек, қўшма корхонада ишлаб чиқаришни узлуксиз давом эттириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг турларини кўпайтириш борасида ҳам бир нечта лойиҳалар устида амалий ишлар бажарилмоқда.

“Ўзбектелеком” АК томонидан йил бошидан буён аҳолига, ижтимоий соҳа муассасаларига, бизнес субъектларига ва ишлаб чиқариш соҳаларига GPON технологиясида замонавий телекоммуникация хизматларини тақдим этиш имконини яратиш мақсадида оптик алоқа кабеллари ётқизиш ишлари жадал олиб борилаётганлигини инобатга олиб, оптик толали алоқа линиялари учун сплиттерлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Сплиттерлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши натижасида, ишлаб чиқариладиган сплиттерларнинг маҳаллийлаштириш даражаси 51 фоизга етказилади ва шу билан бирга ушбу маҳсулотларнинг импорти икки баробарга қисқартирилишига эришилди.

– Оптик алоқа тармоғи учун сплиттерлар ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида, унинг импорт бутловчи қисмлари, ҳамда пластмасса қисмларини ишлаб чиқариш учун пресс-формалар келтирилиб, янги лойиҳа ўзлаштирилди.

– Давлат буюртмаси талабларига мувофиқ бўлган Моноблок компьютерлари ишлаб чиқариш лойиҳаси устида амалий ишлар бажарилмоқда. Бугунги кунда импорт бутловчи қисмлар келтирилиб, ишлаб чиқариш бошлаб юборилди.

Бундан ташқари қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган телекоммуникацион қурилмаларнинг пластмасса қисмларини ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Навоий вилоятига сафари чоғида “Gazgan Marble Group” МЧЖга борди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Gazgan Marble Group” МЧЖ корхонаси мармар чиқиндиларидан композит плиталар ва архитектура қурилмалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 37,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Корхонага Италиянинг “Breton S.P.A” компанияси технологияси ўрнатилган. Бу ерда йилига 300 минг квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқаради.

Шундан 180 минг квадрат метри экспорт қилинади. Йиллик ишлаб чиқариш қиймати 20.3 минг долларни ташкил этади. Шундан 12,2 минг долларлик маҳсулот бевосита экспортга чиқарилади.

Тайёр маҳсулотнинг 80 фоизи қайта ишланган саноат чиқиндиларидан иборат экологик тоза ва хавфсиз шу билан бирга ташқи муҳитга ўта чидамлидир.

Айни пайтда корхонада 300 бўлган корхона маҳсулотлари узоқ йиллар давомида асл ҳолатини йўқотмайди. нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда.

Н.Обломуродов корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқаришда тежамкор технологияларни жорий этиш борасида ўз тавсияларини берди.

Кармана тумани “Навоий эркин иқтисодий зонаси” дирекцияси катта мажлислар залида Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг навоийлик сайловчилар билан учрашуви  бошланди.

Учрашувни Навоий вилоят “Жонли табиат” жамоат бирлашмаси раиси Ишмамат Тагаев кириш сўзи билан очди ва навбатни номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили Улуғбек Раззаковга берди.

Номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили Улуғбек Раззаков Нарзулло Обломуродовнинг таржимаи ҳолини сайловчиларга ўқиб эшиттирди.

Сўз президентликка номзод Нарзулло Обломуродовга берилди.

— Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талабларига алоҳида эътибор қаратилади.

-жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш;

-атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан лойиҳалаштиришни таъқиқлаш;

-соҳага оид ҳуқуқий асосларни самарали ижросини таъминлаш ҳамда хўжалик ва бошқа ишлаб чиқариш ва хизмат қўрсатиш объектлари атрофида санитария-ҳимоя зоналарини ташкил қилиш асосида мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш;

-қайта тикланувчи ва мукобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, кайта тикланувчи ва мукобил энергия ишлаб чикарувчиларга кенг иктисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

-давлат томонидан “яшил” иш ўринларини яратишни кўллаб кувватлаш, иктисодиёт тармоклари учун замонавий малакали кадрларни тайёрлаш олдимиздаги муҳим вазифалардан биридир.

“Энергетика соҳасининг асосий драйвери инновацион технологиялар эканлигини инобатга олган ҳолда соҳада қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратилади:

-энергия истеъмоли тежамкорлигини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш;

-қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасида бозор механизмларини тадбиқ этиш, энергия ресурслари бозорида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш;

-чекка ва олис ҳудудларда қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш;

-энергетика соҳасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан углерод сарфи ҳажмининг камайишига ва 2050 йилга тўлиқ воз кечишига эришиш, соҳада инновацион ечимларни тадбиқ этишни рағбатлантиришни мақсад қилганмиз.

Сиддиқ Хўжжиев, Навоий давлат педагогика институти проректори:

Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида чиқинди муаммосини бартараф этиш бўйича илгари сурилган ташаббуслар жуда ўринли. Ҳақиқатдан ҳам бугун чиқиндилар тўғрисидаги қонун эскирган. Чиқиндилар тўғрисидаги қонунни янгидан қабул қилиш бу борада анча олдинга силжишимизга замин яратади.

Одамларда чиқиндиларга бўлган муносабатни ҳам шакллантиришимиз керак. Айниқса, буни болалардан бошлаш зарур. Бу атроф-муҳит муҳофазасининг устувор йўналишидир. Чиқиндиларсиз яшил ҳудудларни яратиш ҳам биз экологларнинг мақсадимиз ва интилишимиз ҳисобланади.

Яшил тараққиёт ғояси айнан шу ташаббусларни қамраб олган. Мен муносиб номзодга овоз беришга барчани чақириб қоламан”.

Абдухолиқ Ҳасанов, Ғозғон шаҳридаги Гулистон маҳалласи фахрийси:

Электр энергияси ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Бугунги кунда эса қайта тикланадиган энергетикага асосланган дунё ва иқтисодиёт энергия бозорларида ўз ўрнини эгаллаш ва рақобатбардошликка эришишнинг калитидир. Қайта тикланадиган энергетикага сармоя киритиш, гарчи дастлаб қиммат бўлса-да, йиллар давомида иқлим ўзгаришига қарши курашда ғалаба қозонишимизга ёрдам беради.

Қайта тикланадиган энергия оламида улкан қадамларни ташлаган ва улар туфайли иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга муваффақ бўлган кўплаб Европа шаҳарлари мавжуд.

Демак, биз ҳам қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилишимиз зарур.

Биз замон билан ҳамнафас бўлиб, экологияни асрашни ўз олдимизга қўяр эканмиз, қайта тикланувчи электр энергиясидан самарали фойдаланишимиз керак. Мен барчангизни муносиб номзодга овоз беришга чақираман”.

Наргиза Саломова, “Навоийазот” акциядорлик жамияти атроф-муҳит ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими бошлиғи:

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастуридаги “Ер бизни боқади” ғояси қишлоқ хўжалиги тараққиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Албатта, қишлоқ хўжалигида ташаббуслар туфайли янги марраларга эришишимиз мумкин.

Айниқса, номзод илгари сураётган ақлли қишлоқ лойиҳаси ҳам келажак фаравонлиги ва халқнинг бой бўлиши учун муҳим лойиҳадир. Бу борада илмли ёшлар сафини кенгайтириб, қишлоқ хўжалиги соҳасининг тилини яхши тушунадиган кадрларни тарбиялашимиз ҳам керак.

Бу масалага номзодимиз ҳам ўз сайловолди дастурида батафсил тўхталиб ўтган. Мен ҳаммани яқинлашиб келаётган президент сайловида фаол иштирок этишга ва ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришга чақираман”.

Хайрулло Бақоев, Навоий вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

Нарзулло Обломуродов экология соҳасида ваколатли давлат органининг биринчи ўринбосари сифатида вилоятимизда кўп марта бўлган. Ҳар бир сафарларида муҳим экологик муаммоларни ижобий ҳал қилиб беришга эришганлар. Бугунги кунда вилоятдаги чиқиндилар муаммоси бўладими, молиявий масала бўладими ёки кадрлар муаммоси бўладими, соҳадаги барча муаммоларни ҳал этилишида ушбу шахснинг меҳнатлари сабаблидир.

Бугунги иқлим ўзгариши шароитлари ва антропоген таъсирлар натижасида вилоятимиз ҳудудида ҳам яшилликнинг камайиши, атмосфера, ер ва сув ресурсларининг ифлосланиши кузатилмоқда. Айниқса, вилоятимизнинг олис чўл ҳудудларида ичимлик сув танқислигининг мавжудлиги ҳам бизга бугун экологик муаммолар ҳақида жиддийроқ ўйлайдиган вақт етганлиги ҳақида эслатиб турибди”.

Рустам Расулов, “Ёшлар парламенти” аъзоси:

Ёшлар ҳар доим давлатнинг эътиборида бўлган қатлам ҳисобланади. Эртанги кун ёшлари, албатта ҳар жиҳатдан илғор бўлиши зарур. Шу мақсадда экология соҳасини яхши биладиган ва атроф-муҳит муҳофазасида янги изланишлар қиладиган ёшлар сафини кенгайтириш ҳам устувор вазифа.

Бу борада Нарзулло Обломуродов ёшлар билан учрашувларида доим таъкидлайди. Номзоднинг хотин- қизлар таълимига эътиборни янада кучайтириш бўйича айтаётган ташаббуслари, илмий ишлар билан шуғулланаётган ёшларга имкониятлар яратиш бўйича ғояларини амалга ошириш кун тартибидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Эртанги кунимиз учун ўзимиз муносиб деб билган номзодга овоз бериш орқали келажак танловимизни амалга оширамиз. Бу борада барчани фаолликка чақираман”.

Ўзбекистон Экологик партиясидан президентликка номзод Нарзулло Обломуродов навоийлик сайловчилар учрашуви давомида Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси 2-сонли тиббий саниратия қисми ўлатга қарши курашиш станцияси бошлиғи, Вилоят Кенгаши депутати Артём Дмитриев ва Конимех тумани “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими” бошлиғи ўринбосари Саттибала Написова ZOOm иловаст орқали номзоднинг дастурига ўз муносабатларини билдиришди.

Жумладан, улар дастурдаги атроф-муҳит ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини амалиётга жорий этиш борасида ҳам фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг навоийлик сайловчилар билан сайловди учрашуви ўз ниҳоясига етди.