Ўзбекистонда 2021 йилда 9та хорижий компания ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатга олинди, дея хабар бермоқда Солиқ матбуот хизмати.

Булар – Vaskiani Ventures Limited (Кипр), Google Cloud EMEA Limited (Ирландия), Spotify AB (Швеция), ADOBE (Ирландия), DELSE, Inc. (АҚШ), Scribd, Inc. (АҚШ), LinkedIn Ireland Unlimited Company (Ирландия), Google LLC (АҚШ) ва Microsoft Ireland Operations Limited (Ирландия).

Мамлакатда 2 йил давомида доимий ваколатхонасига эга бўлмаган жисмоний шахсларга электрон хизмат кўрсатувчи 28та хорижий компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. Booking.com B.V., Netflix International B.V., Apple, Facebook, Яндех, Huawei ва бошқалар шулар жумласидан.

Жорий йилнинг 9 ойида Facebook 7,6 млрд сўм, GOOGLE COMMERCE LIMITED – 4,6 млрд сўм, APPLE – 2,2 млрд сўм, NETFLIX – 331 млн сўм ва Яндех – 256 млн сўм солиқ тўлади.

Электрон хизматлар деганда дастурий таъминотдан фойдаланиш, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали ўйинлар, электрон китоблар, ўқув қўлланмалари, мусиқа асарлари ва бошқалардан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тушунилади.

Солиқ кодексида 2020 йил 1 январдан бошлаб рўйхатга олишнинг янги тартиби белгиланган. Интернет-компаниялари рўйхатдан ўтиши учун қулайлик яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС-офис ишга туширилган.

Ушбу манба хорижий юридик шахсларга Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун ариза бериш, онлайн шахсий кабинетдан фойдаланиш, (ҳисобот тақдим этиш ва солиқ тўлаш) шунингдек, солиққа тортиш билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиш имконини беради.