Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 2021 йил 9 июндан 10 июнга ўтар кечаси солиқ идораси ходими Азизбек Аҳмедов йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан ушлангани ва унга нисбатан мажбуран қийноқ қўллангани туфайли вафот этгани катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Мазкур ҳолат бўйича тергов ишлари якунланган ва иш судга оширилган. Марҳумнинг қариндошлари тергов натижаларидан қониқмаганлиги бунга сабаб бўлган эди.

Каттақўрғон туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси собиқ бошлиғи, лейтенант Меҳриддин Қўчқоров ва  воқеа иштирокчиси кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиевларга нисбатан Каттақўрғонда дастлабки суд иши бўлиб ўтди.

Фото: Аброр Поёнов / Effect.uz
Фото: Аброр Поёнов / Effect.uz

Айбланувчи Меҳриддин Қўчқоровнинг адвокати  томонидан Каттақўрғондаги суд жараёнлари “Манфаатлар тўқнашуви” бўлмаслиги, ҳар томонлама холисона ёндашилиши лозимлиги ва бошқа кўплаб асосли сабабларга кўра бошқа ҳудудий тартибда кўриб чиқилиши кераклиги бўйича Суд таркибига тақдимнома  киритди.

Фото: Аброр Поёнов / Effect.uz

Тақдимнома кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиевнинг адвокати ва Раҳимбердиевнинг ўзи томонидан ҳам қўллаб қувватланди. Жабрланувчилар (марҳум Аҳмедовнинг яқинлари) томонининг адвокати эса  тақдимнома киритишга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.

Фото: Аброр Поёнов / Effect.uz

Марҳумнинг беваси Сайёра Аҳмедова ва у билан келган яқинлари ҳам бу фикрга қўшилди. Айбланувчиларнинг Каттақўрғон туманида масъул лавозимларда фаолият юритганлиги инобатга олиниб, кейинчалик, турли хил ҳолатларга сабаб бўлмасликлари учун суд раиси томонидан суд иши кўриб чиқилиш учун Самарқанд вилоят судига юборилди.

Фото: Аброр Поёнов / Effect.uz

Эслатиб ўтамиз, Марҳумнинг амакиси Исомиддин Жамолов, укаси Аслиддин Аҳмедов, онаси Муҳаббат Аҳмедова ва беваси Сайёра Аҳмедова марҳумнинг ўлимига сабаб бўлган вазиятда ЙПХнинг 3 нафар ходими бевосита иштирок этган бўлса-да, уларнинг фақат бир нафари — Каттақўрғон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси собиқ бошлиғи, лейтенант Меҳриддин Қўчқоровга жиноят иши доирасида айблов эълон қилинганидан норозилик билдиришди. Бунга далил сифатида вилоят прокуратурасининг жавоб хати ҳам кўрсатилганди.

“Spark” машинаси ичида солиқчининг мажбуран қийноққа дучор этилишида бевосита иштирок этган кичик сержант Нодир Исмоилов ва кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиев жазодан қутулиб қолаётгани марҳумнинг қариндошларини ғазабга солган. Бу борада юқори турувчи прокуратура органларига қилган мурожаатлари самара бермаганини таъкидлашган эди.

Жиноят ишида бир киши айбланиб, иш судга юборилгани ҳақида жабрланувчиларга жавоб хати берилганидан 17 кун ўтиб, Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 16 сентябрь куни берган маълумотида жиноят иши доирасида 2 кишига айб эълон қилинганини билдирган. Иш эса мазмунан кўриб чиқиш учун 14 сентябр куни судга ўтказилган.

Ҳаёт Шамсутдинов

Боз устига, ички ишлар вазирлиги томонидан ЙПХ ходимларидан бирига тегишли бўлган боди-камерадан олинган тасвирлар қисқартирилиб, марҳум солиқчининг зарарига монтаж қилинган. 2та боди-камеранинг таҳририятга тақдим этилган тўлиқ тасвирларида “Spark” ичида нималар содир бўлганига ойдинлик киритиш мумкин.

Тасвирларда Каттақўрғон туман йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси собиқ бошлиғи, лейтенант Меҳриддин Қўчқоров ўзига тегишли “Spark” автомашинасининг орқа ўриндиғида марҳумнинг қўлини қайириб тургани, кичик сержант Нодир Исмоилов ва кичик сержант Шаҳбоз Раҳимбердиев эса Азизбек Аҳмедовнинг боши ва оёғини босиб турганини кўриш мумкин.

Тасвирларнинг бошидан маълум бўляптики, ЙПХнинг 4 нафар ходими Азизбек Аҳмедовнинг ошхонадан спиртли ичимлик истеъмол қилиб йўлга чиқишидан аввалдан хабардор бўлишган, уни чорраҳада пойлашган. Чорраҳани кесиб ўтган “Cobalt” автомашинасининг изига тушишган ва уни қисиб тўхтатишган.

Уларнинг “бахтига” марҳум ўз бошқарувидаги машинада чорраҳани кесиб ўтишда ҳам қоидабузарликка йўл қўйган — светофорнинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатланган. Ички ишлар вазирлиги ўзининг энг биринчи муносабатида боди-камералардан олинган тасвирларни олиб, қирқиб, монтаж қилиб тарқатишда мана шу ҳолатга урғу берган.

Тергов ишидан яна шулар маълум бўлмоқдаки, ЙПХ ходимларидан бири — кичик сержант Нодир Исмоилов Азизбек Аҳмедов солиқ идорасида ишлаганидан хабардор бўлган. Машъум вазият рўй бераётган чоғда у ҳолат тасвирини интернетга олиб чиқиб, солиқчини шарманда қилиш ҳақида ҳам гапирган. Марҳумнинг қариндошлари иш қайтадан тергов қилинишини, жигарбандларининг ўлимига сабабчи бўлган ходимлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилишаётган эди.

Аброр Поёнов