Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти Раиси Т.Нарбаева жорий йилнинг 13-15 октябрь кунлари Санкт-Петербур шаҳрида бўлиб ўтаётган Учинчи Евросиё аёллар форумидаги иштироки доирасида ушбу тадбирда қатнашаётган Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон делегациялари раҳбарлари билан учрашди.

Т.Нарбаева Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича қабул қилинаётган изчил чоралар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотида раислиги доирасида бу борада минтақавий ҳамкорлик юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон ушбу тузилмани Марказий Осиё давлатлари аёллари ўртасида турли соҳаларда, шу жумладан, превентив дипломатия, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар ва алмашинувлар учун мустаҳкам платформага айлантиришга интилмоқда.

Мулоқотнинг 2021 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режасига мувофиқ йил бошидан буён Марказий Осиё мамлакатлари аёллари ўртасида минтақавий ва икки томонлама ўзаро ҳамкорликнинг ижобий ўсиш суръатларини яратиш имконини берган бир қатор қўшма тадбирлар ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Марказий Осиё давлатлари делегацияларини бўлажак тадбирларда, хусусан, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва аёллар етакчилигига бағишланган минтақавий конференцияда (28 октябрь, Тошкент), етакчилик, мураббийлик ва гендер тенглиги бўйича қизлар учун минтақавий ўқув лагерида (10-12 ноябрь, Тошкент вилояти), Марказий Осиё мамлакатлари тадбиркор аёлларининг мунозара клубининг очилиш маросимида (24 ноябрь, Тошкент) ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясини бажариш бўйича минтақавий форумда  (декабрь, Тошкент) фаол иштирок этишга таклиф қилди.

Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича Миллий комиссия раиси Л. Рамазанова, Қирғизистон Республикаси Жўғорку Кенеши Торағаси ўринбосари А. Касималиева, Тожикистон Республикаси Маджлиси намояндоган Маджлиси Оли раиси ўринбосари Д. Мансури бошчилигидаги делегациялар раҳбарлари Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги етакчи аёллар ўртасидаги мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантириш саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Бундай ўзаро ҳамкорлик гендер масалалари бўйича тажриба ва энг яхши амалиёт билан ўртоқлашиш учун минтақадаги барча аёллар манфаатларига мос келади, деган фикр билдирилди. Шу муносабат билан Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун халқаро шериклар, хусусан, БМТ тузилмалари кўмагида, бу йўналишда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама ҳамкорликни давом эттиришга уларнинг содиқлиги қайд этилди.

Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи аёллари жорий йил декабрь ойида Тошкентда Мулоқотнинг йиллик мажлисини ўтказишга келишиб олдилар.