Янги “Lacetti” автомобиллари нега дон омборига юборилгани ҳақида ахборот берилди. Бу бўйича “UzAuto Motors” компанияси заводида тайёр автомобиллар учун жой қолмаганини маълум қилди.

Қайд этилишича, “Телеграм” каналларда “Chevrolet Lacetti” ортилган бир нечта автоконтейнерлар дон омбори томон олиб кетилаётгани тасвирланган видео тарқалган. “UzAuto Motors” интернет фойдаланувчиларининг автомобиллар нега омборга юборилаётгани ҳақидаги саволларига жавоб берди.

Таъкидланишича, заводда тайёр автомобиллар учун жой қолмаган ва шу сабабли автомобиллар вақтинчалик сақлаш учун бошқа жойга юборилган.

“Гап шундаки, компания кунига 250-300 дона ‘Lacetti' автомобилини ишлаб чиқаради. Биз ушбу автомобилларни яримўтказгич қисмининг йўқлиги сабабли, ўз эгаларига топшира олмаймиз. Автомобиль тайёр, аммо биргина қисмнинг йўқлиги қайсидир тизимнинг ишламаслигига сабаб бўлади. Масалан – хавфсизлик ёстиқчалари. ‘UzAuto Motors' ушбу қисмни олиши билан, уни автомобилларга ўрнатади ва харидорга топширади. Тайёр, аммо сотиб бўлмайдиган автомобиллар заводдаги тайёр маҳсулот учун ажратилган жойни тўлдириб қўйди. Шу сабабли, ‘UzAuto Motors' ‘Ўздонмаҳсулот' билан автомобилларни корхона ҳудудида вақтинча сақлаш тўғрисида шартнома тузди”, — дейилади хабарда.