Бугун, 14 октябрь куни Тошкентда Президент сайловини ёритиш бўйича “Халқаро медиа-холл”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, дипломатик корпус, халқаро кузатувчилар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари  вакиллари, блогерлар, фаол ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг  биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, Марказий Сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев, ЎзЭОАВМА бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, “Юксалиш” Умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Шерзод Олимов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатда ўтадиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловини кенг ва холисона ёритишда, сайловнинг халқаро андозаларга ва демократик тамойилларга мувофиқ тарзда ўтказилишида, оммавий ахборот воситалари учун транспарентлик ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашда ушбу “Медиа-холл”нинг ташкил этилиши катта ёрдам беришини алоҳида таъкидлашди.

Медиа холлнинг мақсад ва вазифалари, унда яратилган шароитлар ва яартилган имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Шундан сўнг мамлакатдаги сиёсий партиялар вакиллари сўзга чиқиб,  ташвиқот жараёнлари ва медиа холлда яратилган шароитлар хусусида сўз юритишди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Кинематография агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган “Бир кунлик тўй” бадиий фильми намойиш этилди.

Маълум бўлишича, медиа платформа сайловолди кампаниясининг якуний босқичида жараёнларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга, оммавий ахборот воситалари вакилларига нафақат сайлов жараёнлари, балки сўнгги беш йилда Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида тўлақонли маълумот олишлари учун тенг шароит ва имкониятлар яратишга кўмаклашади.

ФОТО: Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган Медиа-холл Ёшлар ижод саройида фаолиятини олиб боради.

Бу ерда маҳаллий ва халқаро ОАВ иштирокида турли форматдаги тадбирларни ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган, журналист ва блогерлар ишлаши учун матбуот маркази ҳам жойлашган. 26 октябрга қадар 40 дан зиёд тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомходжаев ташкил қилинган Халқаро медиа холл ҳақида фикрларини билдириб ўтди.

ФОТО: Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати
Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ёшлар ижод саройида Халқаро медиа холл ташкил этилгани жуда хайрли ишдир.

Ушбу ташаббус Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларни миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларига биноан очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қилади.

Дарвоқе, Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимиздаги йигирмага яқин етакчи оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлар қатори, мазкур ассоциация билан ҳам Президент сайлови жараёнларида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланганини алоҳида таъкидлашимиз зарур“, – дейди Низомхўжаев.