Қашқадарё вилоятида 2021 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида содир бўлган 369та йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 181 нафар киши вафот этгани, уларнинг 31 нафари вояга етмаган болалар экани маълум қилинди. Бу ҳақда Қарши шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ахборот хизмати инспектори Аҳрор Усмоновга таяниб, “Дарё” хабар бермоқда.

Аҳрор Усмоновнинг аниқлаштиришича, Қарши шаҳрида бу кўрсаткич 47тани ташкил қилиб, 2020 йилнинг ўтган даврига нисбатан тўрттага кўпайган.

Қарши шаҳрида 2020 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида 43та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, вафот этганлар саккиз нафар кишини ташкил қилган бўлса, жароҳатланганлар 35 киши эди. 2021 йилнинг ўтган даврида эса ЙТҲлар 47тага ошиб, вафот этганлар 10 нафар кишини, жароҳатланганлар эса 41 нафар кишини ташкил қилган. Энг ёмони содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олтитаси болалар билан боғлиқ бўлиб, бир нафар ёш бола, ҳали бир ёшга ҳам етмаган чақалоқ вафот этди”, — дейди Аҳрор Усмонов.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда энг кўп йўл-транспорт ҳодисалари Чироқчи туманида содир бўлган бўлиб, бу кўрсаткич 71тани ташкил қилган. Шунингдек, Ғузорда 33та, Деҳқонободда 16та, Шаҳрисабз ва Китоб туманларида 13тадан, Шаҳрисабз шаҳрида 23та, Яккабоғда 25та, Қамашида 31та, Касбида 9та, Миришкорда 4та, Муборак ва Нишон туманларида 11тадан, Косон туманида 20та, Қарши туманида эса 42та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.