Ижтимоий тармоқда Қарши шаҳрида қум ортилган юк автомобили ағдарилиб кетганлиги бўйича хабарлар тарқалди. Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмати расмий маълумот берди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг 14 октябрь куни соат 10:30 ларда Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри ҳудудидан ўтувчи 4Р-79 “Қарши – Шаҳрисабз” автомобиль йўлининг 5-километрида ҳайдовчи Ж.З. бошқарувидаги “Howo” русумли юк автомобили ҳамда ҳайдовчи Э.А. бошқарувида бўлган “Nexia” ва ҳайдовчи Х.М. бошқарувидаги “Spark” русумли автомобиллар иштирокида ЙТҲ содир бўлган.

Шунингдек, қум ортилган юк машинаси ағдарилиб кетиши оқибатида “Nexia” ва “Spark” автомобилларига ҳам зарар етган. Ҳаракатдаги йўл эса вақтинчалик ёпиб қўйилган.

Хабарга кўра, ҳодиса натижасида тан жарохати олган фуқаролар йўқ. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.