Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида МИБ ходимларини ҳақорат қилиб, ўз чақалоғига бензин сепиб, ёқиб юбориш билан таҳдид қилиб, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришни тўхтатишга эришган эр-хотинга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 9 сентябрида МИБ Қувасой шаҳар бўлими иш юритувида қарздор аёл З.Б.дан фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 8 февралдаги қарорига асосан “Ҳамкорбанк” Қувасой филиали фойдасига 32,5 миллион сўм қарздорликни ундириш белгиланган бўлган.

Ушбу ижро иши бўйича МИБ, шаҳар ФВБ ёнғин-қутқарув қисми ходимлари, тез ёрдам шифокорлари, шаҳар ИИБ ходимлари ҳамда маҳалла раиси иштирокида З.Б.нинг уйига ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борганида 28 ёшли З.Б. ва унинг 34 ёшли турмуш ўртоғи А.Б. мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилишига фаол қаршилик қилиб, МИБ ходимларини турли сўзлар билан ҳақорат қилган. Бундан ташқари, уларга ҳамда қўлидаги чақалоғи устига бензин сепиб, ёқиб юборишини айтиб, МИБ ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришни тўхтатишига эришган.

Ушбу қарздор шахсларга нисбатан 12 октябрь куни шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш) ва 140-моддаси 3-қисми «а» банди (жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.