2021 йил 13-14-октабр кунлари Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

МДҲга аъзо Давлатлар раҳбарлари кенгаши бўлажак мажлисининг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари, жумладан, саммитда кўриб чиқиладиган қатор кўп томонлама ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди ва келишилди.

Учрашув якунида МДҲга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Биологик ва заҳарли қуролларини тақиқлаш тўғрисидаги Конвенцияни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёноти қабул қилинди.

МДҲга аъзо давлатлар тарихчилари ва архившуносларининг халқаро уюшмаси (комиссияси) тўғрисидаги Низом ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида 2022 йилда ўтказиладиган кўп даражали ташқи ишлар идоралари ўртасидаги маслаҳатлашувлар режаси ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланди.