Мадрид суди “Бавария” ҳимоячиси Люка Эрнандесни Испанияга қамоқ жазосига чақирди. Футболчи 19 октябрь куни жазони ўтайдиган ахлоқ тузатиш муассасасини танлаш учун судга келиши шарт.

Эрнандес 2017 йил февраль ойида севгилиси Амелия де ла Оса Ллорентега ҳужум қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган ва Люка ва Амелияга жазо сифатида жамоат ишларига жалб қилинган. Бундан ташқари улар жарима ҳам тўлашган.

Шунингдек, уларга олти ой давомида учрашиш ёки мулоқот қилиш тақиқланган. Бироқ, Люка ва Де ла Оса 2017 йил июнь ойида Багамага бирга боришган. Шундан сўнг улар Мадридда ҳибсга олинган.

Эрнандес буйруқни бузганликда айбланган. Кейинчалик, прокурор футболчини бир йилга озодликдан маҳрум этишни талаб қилди.

Эрнандесга қўйилган талаб қизга тажовуз қилиш бўйича дастлабки айбловлар туфайли эмас, балки суд қарорига бўйсунмаслик туфайли юзага келган. Люканинг адвокатлари қарор устидан шикоят қилишди. Агар апелляция қаноатлантирилса, ўйинчи жазодан қочиши мумкин.

AS нашрининг хабарига кўра, “Бавария” вазиятдан хабардор бўлмаган.

Эслатиб ўтамиз, Люка Эрнандес 10-октябрь куни Франция терма жамоаси билан Миллатлар лигаси ғолибига айланган эди.