Olx сайтида Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган Ми-171E русумидаги иккита вертолёт сотувга қўйилди. Эълонни чоп этган шахс ҳаво кемаларининг мутлақо янги эканлигини қўшимча қилган. Шунингдек, Вертолётлар завод нархида сотилаётгани айтилган. Бу нарх тахминан 150 миллиард сўм.

“Kun.uz” нашри хабарига кўра, транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги масъули Ўзбекистон фуқаролари фуқаровий ҳаво транспортларини сотиб олишлари мумкин эканлигини маълум қилган. Агар ушбу транспорт билан фуқароларни ташиш хизматларини кўрсатмоқчи бўлса, авиакомпания очиш керак бўлади.

Агар фақат саёҳат қилиш ёки шахсий мақсадларда бошқа ҳудудларга бориш мақсадида фойдаланилса, Фуқаро авиацияси агентлигига тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши ҳамда учиш учун бир нечта турдаги сертификатларни олиши керак.

Бундан ташқари, вертолётга маълум вақт оралиғида доимий равишда техник хизматлар кўрсатиб турилади.

– Ми-171E вертолётлари ССCРнинг Ми-8 русумида ҳаво транспорт воситасининг замонавийлаштирилган ҳамда кўп функцияли варианти ҳисобланади. Вертолёт 37 нафар десант ёки 26 нафар йўловчини ўзига сиғдира олади. 4 минг кг юк кўтара оладиган ушбу транспортдан ёнғинга қарши кураш, патруль хизмати, тез ёрдам хизмати, оғир юкларни ташиш каби хизматларда фойдаланиш мумкин.

– Вертолётнинг учишдаги максимал оғирлиги 13 тоннага боради, 6 километр баландликкача кўтарила олади. Энг юқори тезлиги 250 км/соатни ташкил қилади.