Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг ўринбосари Светлана Артикова Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йилнинг 30 июлдаги қарорини бекор қилиш бўйича протест келтирди.

Қибрай туманидаги икки тадбиркор «Murod Mega Biznes» ХК ва «Elever Zigota LTD» МЧЖ ўртасидаги низоли ер масаласини кўриш учун бўлиб ўтган мазкур суд ишини 30 июль куни Олий суд биносида маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатидан ташкил топган судьялар Шерзод Шеркулов, Шаҳноза Ахатова ҳамда раислик қилувчи Иброҳим Алимов кўриб чиққан.

Гап шундаки, икки тадбиркор 2018 йилдан бери Тошкент вилояти Қибрай тумани Янгиобод қишлоғи 13к-контурида жойлашган жами 0,14 гектар ер участкаси (низоли ер) ортидан судлар ва кўплаб давлат идораларига мурожаат қилиб келар эди.

Ушбу иш масаласида сўнгги суд 2021 йилнинг 30 июль кунида бўлиб ўтган. Светлана Артикова 28 сентябрь куни киритган протестида ушбу иш бўйича жараённи кўриб чиққан судлов ҳайъати томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўлиқ ўрганилмасдан нотўғри хулосага келганини қайд этган.

Жумладан, Артикова 3 та асосга кўра, Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 30.07.2021 йилдаги қарорини бекор қилишни сўраб, қуйи суд қарорларини ўзгартиришсиз қолдириш лозимлигини таъкидлаган.

Кўп йиллардан бери прокуратура тизимида етилган Адлия катта маслаҳатчиси Светлана Артикова 30.07.2021 йилдаги судлов ҳайъатинининг қарорини бекор қилиб, Юқори Чирчиқ туман маъмурий судининг 30.09.2020 йилдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 18.02.2021 йилдаги қарорларини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилиш бўйича Олий суддан протест киритиш йўли билан суд қарорини ўзгартиришни сўраган.

Шунингдек, Артикова протест «Elever-Zigota LTD» МЧЖ раҳбари Захида Зарипованинг мурожаатларини ўрганиш натижасига кўра келтирилганини изоҳлаган.

“Бош прокуратура Олий суд қарорини бекор қилиш бўйича протест келтирди. Протестга Бош прокурор ўринбосари С.Артикова имзо қўйиб берди. Эндиликда суд қарори устидан яна қайта кўриш бўйича иш бошланади.

Олий суднинг 30 июлдаги қарори бекор бўлди. Прокуратура ходимларига раҳмат, айнан менинг мурожаатимни чуқур ўрганиб, текшириб иш олиб борган барча ходимларидан миннатдорман.

Жуда ҳам хурсанд бўлдим, тўғрисини айтсам, кутмагандим, лекин ҳақиқатдан адолат йўлида иш олиб борадиган, тўғри йўлда фаолият кўрсатаётган прокурорлар бор экан. Айнан қўлимдаги қоғозлар суд қарорини ўзгартириш бўйича протест бўлади. Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, мурожаатимни текширган ходимларга ва бундай йўлни белгилаб берган президентимиз Шавкат Мирзиёевга улкан миннатдорлигимни билдириб ўтмоқчи эдим.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган чиқишларим ортидан, мурожаатимни инобатга олиб, эътиборсиз қолдирмаган барчага яна бир бор раҳматимни айтмоқчиман. Бундан ташқари, бошқа ишлар ҳам шундай тартибда ижобий якун топади деган умиддаман”, дейди «Elever-Zigota LTD» МЧЖ раҳбари Захида Зарипова.

Қибрайлик икки тадбиркор ўртасида бўлиб ўтадиган суд жараёни 2021 йилнинг 21 октябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган. Effect.uz ахборот агентлиги кейинги суд жараёнларини ҳам ёритиб боришини маълум қилади.