Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистон газ транспорт тизимининг 186 км янгиланди. Бу ҳақида “Ўзтрансгаз” бош мутахассисига таяниб, “Спутник” хабар бермоқда.

“Мазкур лойиҳа юзасидан ишлар жорий йилнинг апрель ойидаёқ бошланган эди, дейди “Ўзтрансгаз” бош мутахассиси Александр Ким. Шу пайтга қадар 186 км участкадаги ишлар якунига етказилган”.

Шунингдек, лойиҳа доирасида учта янги линия барпо этилади, булар: Газли – Когон (140 км); Янгиер – Оҳангарон (95 км) ва “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ тармоғида (80 км), дейди бош мутахассис.

Маълумот учун, “Ўзтрансгаз” ва Россиянинг “Газпромбанк”и ўртасида апрел ойида имзоланган шартномага мувофиқ “2021-2022 йилларда Ўзбекистон газ-транспорт тизимини янгилаш дастури” учун 300 млн. доллар кредит ажратилган эди. Ушбу маблағлар 545 км узунликдаги газ қувурларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек компрессор станциялари иншоотларини капитал таъмирлашга йўналтирилади.

Айтиш жоизки, Ўзбекистонда ўтган йилги қишнинг нисбатан серёғин ва совуқ келиши туфайли газ истеъмоли ортиб, уни етказиб беришда узилишлар рўй берган эди. Ана шу камчиликлар такрорланмаслиги ҳамда бу йилги иситиш мавсумига улгуриш учун ҳам модернизация ишлари анча олдин бошланди.

Ундан ташқари, Ўзбекистонда газ истеъмоли ҳар йили тахминан 2 миллиард куб метрга ошиб бормоқда. Бу ниҳоятда кўп. Мавжуд газ қувурлари бундай катта ҳажмдаги газни етказиб бериш учун зарур босимга ҳар доим ҳам дош бера олмайди, айрим участкалардаги қувурлар анча эскирган. Россия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг бош мақсади ҳам шу – Ўзбекистон газ транспорт тизимида юқори босимга чидамли қувурларни ўрнатиш.

Яна бир жиҳат: истеъмол ҳажмининг кескин ортиб бориши газ импортини оширишни тақозо этмоқда ва бинобарин, модернизация қилинадиган мазкур магистрал тизимлардан ички эҳтиёжлар учун “зангори олов” етказиб беришда ҳам фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Молия ва Энергетика вазирликлари, “Ўзтрансгаз” ва Россиянинг ВЭБ.РФ – банки ҳамда ЭКСАР – экспортни суғурталаш фонди иштирокида кўп томонлама шартнома имзоланган эди. Унга кўра Россия томон Ўзбекистон газ транспорт тизимини янгилаш учун 618 млн. доллар кредит ажратиши ҳамда ушбу маблағларнинг камида 50% Россия томонидан етказиб берилаётган маҳсулот ва хизматларни қоплаш учун йўналтирилиши белгиланган эди.