Андижон давлат тиббиёт институти мансабдорлари томонидан уюштирилган “ўйин” ҳақиқат бўлиб чиқди.

Гап шундаки, Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан хашар учун ойликларидан 100-300 минг сўмдан ушлаб қолишни сўраб ёзган хатлари ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилиниб, кўплаб танқидларга сабаб бўлди.

Бироқ тиббиёт институт матбуот хизмати ўзининг расмий муносабатида бу хабарни “фейк хабар” эканлигини маълум қилди.

21 август куни Андижон давлат тиббиёт институтида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди, лекин институт ходимларининг бирортасининг иш ҳақидан олиб қолинган эмас.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабар асоссиз бўлиб, фейк хабар ҳисобланади. Институтда бирор ходим мажбурий меҳнатга жалб этилмайди ва уларнинг розилигисиз бирор тадбир учун ойлик маошларидан ушлаб қолинмайди”, – дейилади институт расмий муносабатида.

Бироқ, Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева эса ҳолат ҳақиқатан содир бўлганини, буни тан олмаган Андижон давлат тиббиёт институти ходимларга 150 млн сўм қайтарилганини айтди.

Севара Ўринбоеванинг айтишича, Андижон вилоят адлия бошқармаси ҳолатни жойига чиқиб ўрганган ва ректорнинг 15 сентябрдаги буйруғи билан ходимларнинг ойликларидан ихтиёрий равишда шанбалик учун пул ушлаб қолинганлиги аниқланган.

Таъкидланишича, институт ректорининг буйруғи билан 743 нафар ходимларнинг сентябрь учун ойлик иш ҳақидан 100-300 минг сўмдан жами 150 млн сўм маблағлар август ойида ўтказилган ҳашар муносабати билан ушлаб қолинган бўлиб, шундан 221 нафар ходимнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз ушлаб қолинган.

Ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган институтнинг мансабдор шахслари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди”, – дейилади хабарда.