Жорий йилнинг 12 октябрь куни соат 18:30 ларда “Қамчиқ” довонининг 240 – километрида “Тошкент-Водий” йўналишида ҳаракатланган “Spark” русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл тагидан сув ўтказувчи иншоотга тушиб кетган. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бошқармасининг қутқарувчилари, йўл-патрул хизмати ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келишган.

Қутқарувчилар томонидан махсус асбоб-анжомлар ёрдамида автомашинада бўлган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи чиқариб олиниб, тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.

Шундан сўнг махсус автокран ёрдамида сув ўтказувчи иншоотдан автомашина чиқариб олинган. Бу вақтда йўл-патрул хизмати ходимлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаган. Қутқарувчиларнинг тезкорлик билан амалга оширган ҳаракатлари натижасида икки инсон ҳаёти сақлаб қолинган.