ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда Навоий шаҳрида янги массив қурилишини ва Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилишини маълум қилди.

Ҳозирги кунда вилоятда уй-жойга бўлган талаб юқорилиги барчамизга маълум. Айниқса, ушбу масала Навоий ва Зарафшон шаҳарларида ўта долзарб.

Шу билан бирга, келгуси беш йилда Навоий аҳолиси камида 150 минг нафарга ошади.

Шундан келиб чиқиб, Навоий шаҳрида янги массив барпо этилиб, 4 минг хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча ва бошқа ижтимоий объектлар барпо этилади, Зарафшон шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, қўшимча 30 минг аҳоли яшаши учун замонавий инфратузилмага эга бўлган “Саноатчилар шаҳарчаси” қурилади, бошқа туманларда 14 минг хонадонли 400 та кўп қаватли уй-жойлар қурилади.

Бунда, жорий йилдан бошлаб, Кармана туманида “Бағдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади, 2 мингта хонадон эҳтиёжманд оилалар учун ажратилиб, уларга 100 миллиард сўм субсидия берилади“, – деди Шавкат Мирзиёев.