«Газ ҳам сув ҳам биздан бошланади, аммо биз фақат ҳидини ҳидлаймиз ва овозини эшитамиз, холос»

Таҳририятимизга Навоий вилояти, Хатирчи тумани, Тинчлик маҳалла фуқаролар йиғинидан навбатдаги мурожаат келиб тушди. Аҳолининг сўзларига кўра, улар газ линиясидаги биринчи қишлоқ ҳисобланишади, аммо шундай бўлишига қарамай уларнинг қишлоғига газ берилмаган.

Яқинлашиб келаётган қишнинг совуқ кунларида болалар, қариялар ва ногиронлиги бор кишиларнинг аҳволидан чўчиётган аҳоли мурожаатида қишлоққа газ тортиб берилишини мутасадди ташкилотлардан сўрашмоқда.

Мазкур мурожаат бўйича журналистик суриштирувлар олиб бориб, вазият билан батафсил танишиш мақсадида Effect.uz журналисти Аъзам Хўжақулов жойига бориб, ҳолатни ўрганди.

Маълум бўлишича, газ тортилган линия айнан шу қишлоғдан бошлаган. Халқ тили билан айтганда улар биринчи “қулоқ” ҳисобланишади. Маҳалла фаоллари туман ва республика миқёсида кўплаб жойларга мурожаат билан чиқишган, бироқ мутасаддилар қишлоқ аҳолисига босим етмаслигини важ қилиб келишмоқда.

Асфальт йўлининг шундоққина нариги томонида газ бор, бу ерга янги котежлар қурилиб у тарафга газ берилди. Бизнинг собиқ ҳокимимиз 2015 йилда бу қишлоққа газ берилмасин деб қарор чиқарган ва мазкур катта линия ўша ҳокимнинг ўзи яшайдиган 30 км наридаги Қалқон қишлоғигача тортиб кетилган.

Тумангаз ходимлари эса ҳар сафар ҳар хил баҳоналар билан мурожаатимизга жавоб бермай келмоқда”, – дейди мазкур қишлоқ фахрийларидан бири яшовчи Намоз ака.

Шунингдек, катта йўл бўйи, мазкур Эломонтепа қишлоғига кириш жойида янги цех қад ролаётган бўлиб у ерга ҳам газ тортилганлиги ва мазкур цех орқасидан 5 – 6та айрим хонадонларга ҳам газ тортилгани аниқ бўлди. Аммо қандай ҳужжатлар асосида газ берилгани маълум эмас.

Ундан ташқари, қишлоқда битта газ қуйиш шаҳобчаси бўлиб, унга алоҳида линия тортилган. Яна бир худди шундай бино эса яримтайёр ҳолатда ва тез кунларда иш бошласа унга ҳам алоҳида линия тортилиши турган гап.

Шунингдек, қишлоқда ногиронлиги бор шахслар етарлича бўлиб, уларнинг айримлари билан суҳбатлашдик, шуниси аниқки, қиш яқинлашгани сари уларнинг ҳам энг катта ташвиши бу – газнинг йўқлиги бўлмоқда.

Об-ҳаво пасайгани сари бизга ўхшаганлар учун яшаш янада оғирлашади. Бир оёғимдан айрилганман. Совуқда кеча-ю кундуз тинмай оғрийди. Ҳануздан тўнга ўтиб олганмиз. Чунки бизнинг ерлар шундоқ ҳам зах, ёқишга ҳеч нарсамиз қолмаяпти бора-бора”, – дейди бир оёғидан айрилган Темуров Комил.

2016 йилдан бери ногиронман, ўсимта сабабли оёқларим кесилган. Уй совуқ, дарахтларни кесиб ёқдик. Кўмир, ўтин бўлган тақдирда ҳам уни ёқиб туриш учун бир киши керак бўлади. Агар имконини қилсангиз газни ёқиб беринглар” – дейди 70 ёшдан ошган Ортиқов Тошботир амаки.

Журналистнинг “Отахон ҳаво совуқ, уйингиз ҳам иситилмаган, лекин сиз нима учун деразанинг тагида ётибсиз?” дея йўлланган саволига отахон – “Оёғимдан айрилганман. Кўчага чиқолмайман, далаларга бора олмайман. Шуларни ҳеч бўлмаса томоша қилиб ётиш учун шу ерда ётаман…” дея жавоб қайтарди отахон.

Шунингдек, Тошботир амакига битта ногиронлик аравачаси зарур эканлигини ҳам гувоҳига айландик. Туман ҳокимлиги бунга берфарқ бўлмайди деган умиддами.

Журналистларимиз вазиятни кўздан кечиришар экан, қишлоқда газдан бошқа етарлича муаммолар борлигига гувоҳ бўлишди. Хусусан электр сталбаларининг ҳолати шунчалик ёмонки, ноқулай об-ҳавода катта талофатга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳаттоки ингичка арқон орқали тортиб қўйилган (қўштирноқ ичидаги) сталбалар ҳам турибди.

Электр линияси бўйича қанчадир масофага янги сталбалар ҳам ўрнатилган экан, лекин уларнинг қачон ишга тушиш муддати ҳам аниқ эмас.

Яна бир катта муаммолардан бири бу – ичимлик суви. Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, ичишга яроқли тоза сувни улар 15 – 20 км масофа босиб олиб келишади. Бироқ худди газ каби ичимлик суви ҳам уларнинг ёнгинасидан бошқа қишлоқларга тортиб кетилган. Нахотки, ҳеч бўлмаганда ҳар битта маҳалла бошига битта-битта кичик трубалар орқали сув беришнинг иложи бўлмаса?!

Чучук сув ичиб касал бўлаверган аҳолини яна қачонгача қийналиб, олис-олис масофалардан сув ташиб юрар эканмиз деган савол қийнамоқда.

Кўнгилни хира қиладиган яна бир муаммо шундаки, қишлоқда мавжуд ягона – 29-сонли мактабга олиб борувчи йўлларнинг аҳволи жуда ҳам ёмон аҳволда. Болалар мазкур йўлдан ўтар экан, оёқ кийими бир пастда ёмон ҳолатга келади. Ёшгина болачалар ҳам мазкур кўчадан ўтаётганда шимини кўтариб кейин кўчага киргани гувоҳи бўлдик.

Энг ёмон томони бошланғич синфда ўқийдиган ёш болалар устидан ўтадиган кўприк – қўрқинчли аҳволда. 1985 йилларда ёғочлар билан устига лой ётқизиб қурилган ва бир томонга энгашиб қолган кўприк, ёмғирли шароитда сирпанчиқ ҳолатга келади ва Худо кўрсатмасин, агар болачалар каналга тушиб кетадиган бўлса, оқибати аянчли якунланиши ҳеч гап эмас.

Кўприк ва мактаб йўли борасида ҳам мазкур ҳолат билан жуда яхши таниш ва ўзи ҳам шу йўллардан қатнаб, шу ўқув даргоҳида ўқиган Эргашев Ойбекдан батафсил маълумот олдик.

Эломонтепа қишлоғи фуқаролари билан муаммоларни ўрганиб чиқар эканмиз, сўнггида Хатирчи тумангаз газ таъминоти бошқармаси ходимларидан газ берилмаслигининг сабаби ҳақида изоҳ сўрадик. Ташкилот ходимлари саволларга жавоб қайтаргандек бўлишди, лекин кўплаб саволлар якунда барибир очиқ қолди ва аҳолининг айтишича, улар келтирган айрим важлар ёлғон!

Ҳа, мазкур қишлоқда ўтказган бир неча соатлик саёҳатимиз давомида шунча камчилик юзага чиқди. Булар энг асосийлари эди. Лекин манашу ишлар оз-моз муддат талаб қилган тақдирда ҳам секин-асталик билан босқичма-босқич ҳал қилиб берилса нур устига аъло нур бўлар эди.

Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар бу жараёнга бефарқ бўлмасдан тез орада керакли ишларни олиб бориб, аҳолининг янада фаровон ҳаёт кечириши учун ўз ёрдамларини аяшмайди!

Яна шуни қўшимча ўрнида айтиш жоизки, Хатирчи тумани матбуот котиби Нўъмон Намозов мазкур масалалар, албатта раҳбарият олдига ташланишини айтиб ўтиб, фақатгина озроқ вақт керак эканлигини таъкидлаб ўтди.