Бухоро вилояти Когон туманида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг  бухоролик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, хайрихоҳлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, фаол хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди. Тадбирни номзоднинг Бухоро вилоятидаги ишончли вакили Ҳамидов Мақсуд Амонович кириш сўзи билан очиб берди.

Ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг номзод Баҳром Абдуҳалимов сўзга чиқиб, ўз сайловолди дастурида илгари сурилган илғор ғоялар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола қилди.

Жумладан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ролини янада мустаҳкамлаш орқали ижро ҳокимияти устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ватанпарвар, профессионал ва фидойи инсонлар келишини таъминлаш, адолатли ва мустақил суд-ҳуқуқ тизимини яратиш ишларини давом эттириш каби асосий масалалар иштирокчилар диққат марказидан жой олди.

Номзоднинг дастурида қайд этилган устувор йўналишлар, мақсад ва вазифалар социал-демократия ғояси ҳамда  “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва сиёсий платформасига тўлиқ мос келиши қайд этилди.

Дастурда ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ижтимоий йўналтирилган иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, ушбу дастурларни назорат қилиш тизимига янгича ёндашиш, инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиёт, самарали иқтисодий сиёсат воситаларидан оқилона фойдаланиш каби долзарб масалалар қайд этиб ўтилганлиги бухороликлар томонидан ижобий баҳоланди.

Фикр ва мулоҳазаларга, таклиф ва тавсияларга бой бўлган учрашув сўнгида номзод Баҳром Абдуҳалимов сайловчиларни қизиқтирган саволларига атрофлича, ҳаётий мисоллар билан асосли жавоблар берди.

Тадбирда сўз олган маърузачилар номзоднинг сайловолди дастурида ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли жамият қуришни изчил давом эттириш борасидаги таклифларни атрофлича муҳокама қилиб, сайловчиларни сайловда фаол иштирок этишга ва ўзига муносиб деб билган номзодга овоз беришга чақирди.