Андижон вилояти Булоқбоши туманида ёғочдан кўприк ясаб, одамларни сойдан пул эвазига ўтказган шахсга чора кўрилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тумандаги сойлардан бирининг устига ёғочдан кўприк ўрнатиб, одамлардан пул ишлаётган фуқаро тўғрисида хабар тарқалган эди.

Туман ҳокимлиги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг июль ойидаги табиий офат оқибатида Аравонсой кўприги яроқсиз ҳолатга келиб қолган ва ундан фойдаланиш тўхтатилган.

10 октябрь куни “Бозорбоши” МФЙ Чилонзор кўчасида яшовчи 35 ёшли, муқаддам судланган Н.И. ўзининг ноқонуний хатти-ҳаракати билан сойга иккита ёғочдан иборат кўприк ясаб, одамларни 1000 сўм эвазига ўтказиб қўйишни “бизнес” қилиб олган.

Бу ҳолат ўрганилиб, Булоқбоши тумани судида кўриб чиқилган. Н.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ва 200-моддалари (ўзбошимчалик) билан айбдор деб топилган. Суд унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.

Ҳокимлик ҳозирда тумандаги кўприкни қуриш ва таъмирлаш ишлари бошланганини қўшимча қилган.