Давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш бекор қилинган. Фермерлардан келаётган мурожаатларни инобатга олиб қуйидагилар эслатиб ўтилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги ПҚ-4634-сон “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2021 йил ҳосилидан бошлаб давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилган;

Фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштирилган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан, донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин бозор нархида сотилади. Фуқаролик кодексининг 354-моддасига мувофиқ, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Яъни ҳеч кимнинг кимнидир мажбурий равишда, шу жумладан, фермерларни ҳам шартнома туздиришга ҳаққи йўқ.

Ҳурматли фермерлар: кластер, ҳокимият вакили ёки бошқа шахс сизга мажбурий шартнома туздиришга ҳаракат қилган ҳолларда прокуратура ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилиш идораларига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини унутманг. Улар ўзига юклатилган вазифаларидан келиб чиқиб,сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга мажбурдирлар. Ўзбекистон-ҳуқуқий давлат!