Ижтимоий тармоқда Юқоричирчиқ туманида дўсти билан пойга ўйнаган 2003 йил туғилган йигит ҳалок бўлгани хақида хабар тарқалди. ЙҲХББ матбуот хизмати содир бўлган ЙТҲ юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 1 сентябрь куни соат 14:00 ларда, Тошкент вилояти, Юқоричирчиқ тумани ҳудудидан ўтган 4P-15 “Қизилтоғ-Янгибозор” автомобиль йўлининг 67-километрида ҳайдовчи, 2003 йилда туғилган М.М. (ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган) “Ваз-2107” русумли автомобилда “Янгибозор-Паркент” йўналишида ҳаракатланаётиб рул бошқарувини йўқотган ва йўлдан чиқиб кетиб, чап томонда бўлган бетон деворга урилган.

Натижада, ҳайдовчи М.М. оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Юқоричирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.