Муаллиф: М.А

“Шайна” жиноий тўдасини қўлга олган Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган.

Прокуратуранинг собиқ ходими Фарҳод Шайманов 2008 йилда Қашқадарёда йирик жиноий гуруҳни Миллий хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида қўлга олади. У ўшанда вилоят прокурори биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Шайманов қўлга олган жиноий гуруҳ Ўзбекистон табиий ресурсини йиллар давомида талон-торож қилиб келган. “Шайна” жиноий тўдаси “Шўртан газ” заводи ер ости қувурларидан конденсат ўғирлаб чет элга жўнатган.

Аввал хабар қилганимиздек, “EFFECT.UZ” ахборот агентлиги мазкур иш юзасидан Шайманов билан интервью ташкил қилди.

ФОТО: EFFECT.UZ

Шавмановнинг “EFFECT.UZ”га берган интервьюсига кўра, унга қилинган ҳақсизлик 4 йилдан бери турли хил ОАВда ёритиб келинади.

Шунингдек, ҳамон у ўзининг ҳуқуқларини тиклаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга, жумладан, Бош прократура, Олий суд, Президент админстрацияларига тинмасдан махсус телеграммалар билан мурожаатлар йўллаб келади.

Бироқ, у ўзи қилиб келаётган мурожаатлар натижасидан қониқиш ҳосил қилмаяпти. Аввалги хабарда маълум қилинганидек, Шайманов Фарход Самадовичга қарши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2008 йил 22 августдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “В” банди билан айбли деб топилиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

2019 йилда эса озодликка чиқарилиб, унга нисбатан оқлов ҳукми ўқилган. Бироқ, Шайманов унга ҳақсизлик қилган баъзи амалдорларнинг озодликда юрганидан ҳамда уни қайта ишга жалб қилишга йўл қўйилмаётганидан норози.

ФОТО: EFFECT.UZ

“Ўзбекистонда 26 йил ичида ҳали бирорта судья оқлов ҳукми чиқармаган. Жиноят процессуал кодексининг 83 моддаси 2 қисми жиноят таркиби етарли бўлмади деб бекор қилиш ҳисобланса, 1 модда жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган бу инсонга тухмат қилинган дея оқланганман. Нега мен зонани кўрдим. Нега унинг қийноқларини бошимдан кечирдим. Тирноқларимга игна тиқилиб, оёқларимга жисмоний тазйиқлар ўтказилиб, мендан иқрорлик кўрсатмасини олишга ҳаракат қилинди.

Ҳозирда менга мутлоқ оқлов қилинди. Лекин мени шу кўйга слоган, жиноий қийноқлар қилган, тоштурмада жазо ўтаётганлар орқали босим билан иқрорлик олишга ҳаракат қилган терговчилар Тоҳир Ҳусанов, вилоят прокурори ўринбосари Улуғбек Суннатов, Вилоят прокурори Бегижон Қўқонбоев, ДХХ раҳбари Тошкент вилоятидаги Иброҳим Деҳқонбоевлар қўлга олинди.

Бироқ, қолганлар озодликда катта-катта лавозимларда ишлаб юрибди. Нега буни ҳеч ким сўрамайди”, — дейди собиқ прокуратура ходими.

Фарҳод Шайманов шунингдек, ҳозирги судлар фаолияти ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди. Ўша вақтда 3 мингга яқин фуқаро оқланган бўлса, уларнинг тақдири билан ҳеч ким қизиқмаслигини айтиб ўтди.

ФОТО: EFFECT.UZ
Оқлов ҳукми билан 4 йилдан бери идорама-идора юраман. На бирор прокуратура, на бирор суд эътибор қилмайди.

Айбсиз бўлиб чиқдими? уларнинг ҳуқуқи тўлиқ тикланиши лозим. Олий суд томонидан шунчалик масъулиятсизлик бўляптики, 3000 га яқин одамга оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, уларнинг бирортаси ҳақида ҳисобот йўқ.

Қай бирининг ҳуқуқи тикланди қай бири ўз ишига тикланди. Қай бири ўн йиллаб ола олмаган ойлик маошини олди. Моддий ва маънавий зарарини олди.

Унинг ҳуқуқлари тикландими? Бу нарса Олий судни қизиқтирмайди. Шу сабабли халқ идорама-идора ҳуқуқларини тиклай олмасдан юрибди.

Инсон тақдрини шунчаки, отиб юбориш керак эмас унинг ҳуқуқларини тиклаш керак. Нега ҳамма идора жим?

Улар Президент сиёсатига қарши одамларми? Ҳар қандай идора ходими раҳбари бундан тегишли хулоса қилиши керак. Жойларда иш тўгри тақсимланиши лозим.

Бу гап билан Суд, прократура, Ички ишлар ишламаяпти демоқчи эмасмиз иш кетмоқда. Лекин эски тизимдан чиқиб кета оламаяпти. Суд мустақил эмас, прокуратура ҳам сен менга тегмасанг мен сенга тегмайман қабилида ишламоқда“, — дейди у.

У 2006 йилда Қашқадарёда вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Шайманов ўша вақтда адолатсизлик кучайганини юрист сифатида очиқ айтиб ўтди. Мамлакат бойликларини емириш, ўзлаштириш, сотиб юбориш авж олганини таъкидлади.

“Қалтис йиллар бўлган. Коррупция у пайтда шунчалик кучли эдики, нафақат давлатнинг ер усти ва ости бойликларини ўзлаштириш, катта-катта ишлаб чиқариш корхоналарини монополияга айлантирилаётган давр эди.

Инсон ҳаётининг чивинникичалик қадри йўқ эди. Конденсат ўғриларига келсак, 240 тонна бир кунда чиқиб кетаётган бўлса, уни 12-15 йилга кўпайтирилса, қанча миллиард триллиард суммалар коррупсионерларнинг чўнтагига кириб кетаётган, ер ости бойликлари керакли жойларга сотилиб кетмоқда эди.

Бу пуллар давлат бюджетига кирадиган бўлди. 70 га яқин шундай жиноятлар фош этилди”, — деди Фарҳод Шайманов.

У оқланганидан сўнг ҳам унга нисбатан ҳар-хил провокациялар қилинганини айтар экан. Ҳозир ҳам амалдорлар орасида адолатсизлари борлигини маълум қилди.

“Оқланганимдан сўнг собиқ Бош прокурор Отабек Муродов қабулига кириш учун учрашдим. У ўзининг кадрлар бўлими бошлиғи, инспекцияси, Бош прокурор ёрдамчиси орқали тайинлаган оқлов бўйича ‘Олий судга пора бериб оқланган. Агар жим юрмаса, юқорига ёзишни тўхтатмаса, ишини қайта кўриб протестъ қиламан!', деб бир йил давомида ҳуқуқимни поймол қилиб келди.

Президент атрофидаги мулозимларни кўриб шундай ҳолларда ичим ачишган ерлари ҳам бўлган. Чунки, мазкур собиқ бош прокурор бир вақтлар қандайдир таниш-билишлик йўли билан давлат маслаҳатчиларининг пинжига кириб, яхши кўриниб, давлат маслаҳатчиси бўлиб олган эди.

У Президентнинг суд-ҳуқуқ масалаларидаги ислоҳотини амалга татбиқ қилувчи давлат маслаҳатчиси эди. Ҳозир ҳам Президент атрофида бундай кадрлар йўқ эмас”, — дейди собиқ мутасадди.

У шунинг учун ҳам бугунги кунда чиқарилаётган қарор-фармонлар жойларда тўлиқ ишламаётганини қайд этди. Фармон ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг, буни бир муддат изга тушгунича назоратга олиб туриш кераклигини қўшимча қилди.

Прократура ижрочилар ҳамда мулозимларнинг устидан олий назорат олиб борилишини, Президент фармонларига бефарқ бўлган, халққа жабр келтирган, давлат иқтисодиётига зарар келтирган ҳолатларни аниқлаб уларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳамда керакли жиноий жавобгарликка ториш масаласини қўйиш кераклигини таклиф сифатида билдириб ўтди.

ФОТО: EFFECT.UZ
“Бу ерда прократура иш олиб бормоқда. Лекин бугун бу масалада темир интизом ўрнатиш керак. Аяб ўтириш ярамайди.

Ҳозирги бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев яхши фаолият олиб бормоқда, бироқ 15 йил давомида илдиз отиб кетган эски ботқоқдан суғурилиб олиш жуда қийин. Бош прокурорга учрадим. Улар ҳам на уёқлик на буёқлик жавоб айта олмаганларидан тушундимки, бош прокурорга ҳам осон эмас (юқоридан босим ўтказилиб турган ҳолатларни кўзим билан кўрдим). Шу туфайли судга мурожаат қилдим. Судни худо урган экан қўпол бўлса ҳам”, — деди собиқ прокурор.

Интервьюнинг тўлиқ варианти билан қуйида танишишингиз мумкин.

Шайманов ўзи ва оиласига етказилган ноҳақ руҳий зарбалар ҳамда адолатсиз қамоқ жазоси устидан Президентга аризалар киритиб келади. Бироқ, унинг бирор мурожаати ўз ерига ҳозиргача етиб бормаганини айтди.

“EFFECT.UZ” таҳририяти тегишли мутасаддилардан мазкур собиқ орган ходимининг мурожаатлари жавобсиз қолдирилмаслигини сўраб қолади.