Ўзбекистонликлар Россияда патент олиш учун Тошкентда тиббий кўрикдан ўтиши мумкин бўлди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, Россия ССВ ажратган тиббий асбоб-ускуналар Ўзбекистонга олиб келинди. 10 минг нафар ўзбекистонлик қурилиш соҳасида ишлаш учун Россияга соддалаштирилган тартибда юборилади.

10 минг нафар Ўзбекистон фуқароси қурилиш соҳасида вақтинча ишлаш учун соддалаштирилган тартибда Россияга юборилади.

Бу лойиҳа доирасида фуқароларни Тошкентда тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш учун Россиянинг 40 нафар тиббиёт ходими тиббий асбоб-ускуналар билан Ўзбекистонга етиб келган.

Эндиликда Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқини берувчи патент олишда талаб этиладиган тиббий кўрик Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкентда ўрнатилган тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширилади.

Қайд этиш керак, Россияда ишлаш учун патент олиш харажатларининг юқорилиги ва тартиб-тамойилларнинг мураккаблиги – ўзбекистонлик мигрантларни энг кўп қийнайдиган муаммолардан.

Шу сабабли РФдаги ўзбек мигрантларининг 30 фоиздан ортиғи патент олмаган ҳолда меҳнат қилаётгани айтилади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Россияда ишлаш ҳуқуқини қўлга киритиш мақсадида рухсатнома олиш учун мурожаат қиладиган бўлса, уларга фақат 1 йил муддатга патент берилади. Бунинг учун тахминан 500 доллар миқдоридаги тўғридан тўғри ва билвосита сарфланадиган маблағ керак бўлади.

2020 йилнинг сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолаганди.

Унда 2021 йил 1 январга қадар Россия ИИВнинг паспорт-виза хизмати ваколатхонасини Ўзбекистонда очиш ҳамда ушбу ваколатхонада вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатномани (патентни) тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматларини кўрсатиш кўзда тутилган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасулов патентнинг Ўзбекистонда берилишига Россия томони рози бўлмаётганини айтганди.

Патент олиш, яъни уни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш масаласида Россия Федерацияси билан 3та халқаро шартномамиз мавжуд. Россиялик масъуллар Ўзбекистонга келиб, шу ерда патент беришни зиммасига олишганди. Бироқ бу ҳали қонунийлаштирилмаган. Шу масала бўйича ишни тезлаштириш ва ўзаро музокара ўтказиш учун бир гуруҳ раҳбарлар Россияга жўнаб кетишган.

Биламизки, Россияга ишлашга чиқиб кетган мигрантлар патент олиши учун 20-30 кунгача вақт талаб қилинади. Патент берадиган марказга мурожаат қилади, ариза, паспорт таржимаси, тиббий кўрик ҳужжатлари топширади. Бир ҳафта тилга ўқийди, тўловлари бор ва охирги босқичда ички ишлар бошқармасидан тегишли рўйхатдан ўтгандан кейингина патент берилади.

У ерга борганидан кейин патент олмаса, иш берувчи уни ишга қабул қилишга ҳаққи йўқ. Фуқаромиз эса дарров ишлай олмайди. 20-30 кун давомида ишсиз ўтириши, боқиманда бўлиши керак ёки ноқонуний ишлаб “депорт” бўлиб ортига қайтиб келиши ҳам мумкин.

Бунинг олдини олиш учун эндиликда шу ернинг ўзида тўланадиган маблағлари, суғурта, чипта, ариза ва тилга ўқитиш масалалари ҳал қилиб берилади.

Фақатгина иккита жараёнга биз аралаша олмаяпмиз. Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар раҳбарияти бунга рухсат бергани йўқ. Улар мигрантлар патентни бу ерга келганидан кейин олади, деган шартни қўйган. Ҳозирда бошқа барча хизматларни Ўзбекистонда қилиш имкони яратилди. Агар Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар бошқармаси билан келишувга эришсак, патентни шу ернинг ўзида берадиган қиламиз”, – деган эди Давлатназар Матрасулов президентнинг юқорида қайд этилган қарори ижросига бағишланган матбуот анжуманида.

Маълумот учун, 10 минг ўзбекистонликни қурилишда ишлаш учун Россияга юбориш лойиҳаси доирасида номзодларни тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланади.