Жиззах вилоятида содир бўлган ЙТҲ туфайли икки нафар фуқаро вафот этди. Бу ҳақида вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган Тошкент – Термиз М-39 йўлининг 974-километрида Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Ермагамбетов маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро «Cobalt» бошқарувини йўқотган.

Натижада автоулов йўл четида тўхтаб турган «Yutong» автобусига урилган. Бу эса «Cobalt» йўловчилари Андижон вилояти Хўжаобод тумани Исломобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Тошкент вилояти Бўка шаҳрида яшовчи 2 кишининг тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этишига сабаб бўлди.

Шунингдек, «Cobalt» ҳайдовчиси ҳам шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани айтилган хабарда.