ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Бухорода сайловчилар билан учрашув давомида ҳалигача ҳамма қариндошлари қишлоқда яшашини маълум қилди.

“Мен ҳам шу давлатнинг бир фуқароси, бир шифокорнинг фарзанди сифатида халқимнинг фаровонлигини ўйлайман. Ўзим қишлоқда ўсганман, ҳалигача ҳамма қариндошларим қишлоқда яшайди. Лекин қишлоқларимиздаги шароит биз хоҳлагандек ўзгармаган.

Таълимга эътибор бериб, заминни мустаҳкам қилган эл камбағал бўлмайди. Афсуски биз таълимга кўп йиллар эътиборсиз бўлдик. Тўқсонинчи йилларда биздан ҳеч ким Россияга кетмасди-ку. Нима учун халқимиз кетди – иш йўқ, бошпана йўқ, эртанги кунга ишонч йўқ эди. Охирги йилларда анчасини қайтаришга эришдик, чунки улар ҳам фарзандларимиз.

Бухоронинг ютуқларига қаранг – сўнгги беш йилда олийгоҳларга кириш бўйича вилоят биринчи ўринда. Қоракўл тумани эса туманлар орасида биринчи. Халқ таълими бўйича ҳам Бухоро кўп жиҳатдан етакчи. Буларнинг ҳаммаси илмга тўғри эътибор берилганидан. Мен ишонаман, бу албатта ўз мевасини беради. Чунки илми бор, иши бор, яхши мутахассис бўлган одам ҳеч қачон хор бўлмайди”, — деди Шавкат Мирзиёев.