ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Бухорода вилоятида Ўзбекистон – Абу-Даби инвестиция компанияси томонидан “Бизнес мактаб” ташкил этилишини маълум қилди.

Ғиждувон” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди 430 гектарга кенгаяди ва темирйўл тармоғи ўтказилади, барча туманларда жами 30 та янги кичик саноат зоналари ва 15 та “Ёшлар саноат зоналари” ташкил этилади. Уларнинг инфратузилмасига 300 миллиард сўм йўналтирилади.

Энди ҳар йили “ёшларнинг энг зўр бизнес ғоялари”га йилига 50 миллиард сўм маблағ ажратилади. Вилоятда Ўзбекистон – Абу-Даби инвестиция компанияси томонидан “Бизнес мактаб” ташкил этилади.

Шу билан бирга, маҳаллий лойиҳаларга кўмаклашиш учун, Бухоро саноатини ривожлантириш жамғармаси тузилади. Унга дастлабки босқичда маҳаллий бюджетдан 200 миллиард сўм, Осиё тараққиёт банкидан 500 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади.

Умуман, ҳудудда маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида, ҳар бир туманда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқувчи “Лойиҳа гуруҳлари”ни ташкил этади, туманнинг илғор тадбиркорлари билан “Холдинг компаниялари” тузади, энг истиқболли маҳаллий лойиҳаларга Тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси 30 фоиз улуш билан киради, жамғарма томонидан ҳар бир туманга йилига камида 15 миллион доллардан маблағлар ажратилади”, – дейди Шавкат Мирзиёев.