ЎзЛиДеп партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Бухорода 5 та мегалойиҳа амалга оширилишини маълум қилди.

Вилоятнинг салоҳияти, мавжуд ресурсларини қайта ишлаш имкониятларини инобатга олиб, келгуси йиллар Бухорода “саноатда кескин бурилиш даври” бўлади.

Жумладан, жами 8 миллиард долларлик 5 мингта лойиҳа амалга оширилиб, 100 минг янги иш ўринлари яратилади. Бунда, энг аввало, саноатнинг стратегик тармоқларида хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган 5 та “мега-лойиҳа” амалга оширилади.

Хусусан, Қоракўл туманида қиймати 2,7 миллиард долларлик, йилига 1,3 миллиард куб метр газни қайта ишлайдиган газ-кимё комплексини барпо этиш лойиҳаси бошланади. Бу лойиҳа доирасида, энг замонавий технологиялар асосида, йилига 770 минг тонна полимерлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхонанинг атрофида саноат кластери ташкил этилиб, унда қурилиш материаллари, кимё, енгил саноат, электротехника, автомобилсозлик ва бошқа маҳаллий саноат тармоқлари учун 100 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шу орқали, Қоракўл, Олот, Жондор ва Пешку туманларида 3 мингта доимий иш ўрни яратилиб, йилига 110 миллион долларлик маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас.

Шунинг учун, 1,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 4 та шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари барпо этилади. Ушбу станциялар йилига 6,3 миллиард киловатт соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради.

Жумладан, 2023 йилда Пешку ва Ғиждувонда жами қуввати 1 минг мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилади”, – дейди Шавкат Мирзиёев.