ЎзЛиДеП партияси номзоди Шавкат Мирзиёев 12 октябрь, сешанба куни Бухоро вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказди. Учрашувда давлат раҳбари Бухоро учун жами 50 триллион сўм ажратилишини маълум қилди.

“Бухоро аэропорти орқали халқаро авиақатновлар сони 5 баробарга оширилади. Келгуси беш йилда вилоятда катта-кичик 255 та меҳмонхона барпо этилади, 60 та янги туризм маршрутлари ташкил қилинади.

Туризм билан бир қаторда, бошқа хизматларни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Жами бу соҳада 50 мингта янги иш ўрни яратилади.

Хусусан, халқаро автомобиль йўллари бўйида 2 та йирик савдо мажмуаси барпо этилади. Шунингдек, қиймати 200 миллион долларлик 500 та лойиҳа амалга оширилиб, 15 мингга яқин иш ўрни яратилади. Ғиждувонда ҳудудлараро улгуржи савдо маркази қурилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда Бухоро вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш учун давлат ҳисобидан 50 триллион сўм ажратилади ва жами 280 мингта янги иш ўрни яратилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 11 октябрда Қашқадарёдаги сайловчилар билан учрашув ўтказган эди. Унинг сайловолди дастурига кўра, келгуси 5 йил учун энг кўп маблағ (60 триллион сўм) вилоятлар ичида Қашқадарёга ажратилмоқда.