ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказди. У вилоятда тиббий хизматлар сифатини тубдан ошириш мақсадида, Бухоро шаҳрида илмни амалиёт билан бирга олиб борадиган “тиббиёт шаҳарчаси” ташкил этилишини маълум қилди.

“Бунда вилоятнинг 10 та тиббиёт муассасаси билан бирга, Бухоро тиббиёт институтининг энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган клиникаси барпо этилади. Бу ерда нейрохирургия, онкология ва кардиохирургия йўналишларида махсус бўлимлар очилади ҳамда мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларга юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш учун эса Ғиждувон, Ромитан, ва Қоракўлда перинатал марказлари фаолияти йўлга қўйилади.

Бирламчи бўғинда 40 ёшдан ошган 500 мингдан зиёд аҳоли диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар бўйича манзилли тиббий кўриклардан ўтказилади.

Келгуси беш йилда яна 14 та оилавий шифокорлик пункти ва 6 та оилавий поликлиника ташкил этилади, 100 та тиббиёт муассасаси тўлиқ таъмирланади”, — деди Мирзиёев.