ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказди. У Бухоро шаҳри ҳудуди атроф туманлари ҳисобидан 3,5 минг гектарга кенгайишини маълум қилди.

“Ҳар йили 16 мингдан зиёд янги оила қурилмоқда. Шу боис, келгуси беш йилда 20 мингдан ортиқ хонадонли уй-жойлар қурилади.

Жорий йилдан бошлаб, “Боғдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади. Биринчи босқичда вилоятнинг Ғиждувон ва Бухоро туманларида, иккинчи босқичда Ромитан, Вобкент, Когон ва Қоракўл туманларида қурилишлар амалга оширилади. Бунда эҳтиёжманд оилаларга бошланғич ва фоиз тўловлари учун, йилига 120 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Бухоро шаҳри ҳудуди атроф туманлари ҳисобидан 3,5 минг гектарга кенгаяди. Вилоятдаги 620 та кўп квартирали уйлар таъмирланади ва шу орқали 146 минг нафар аҳолининг турмуш шароити яхшиланади”, — деди Шавкат Мирзиёев.