Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Олот туманидаги “Мергантекс” масъулияти чекланган жамиятини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Президент 2017 йилда ушбу корхона негизида пахта-тўқимачилик кластери тузиш лойиҳаси билан танишган эди.

Шундан сўнг унинг фаолиятида туб бурилиш бўлди. 2018-2020 йилларда 22 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиниб, Германия, Япония, АҚШ, Бельгия ва Швейцариядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган.

Бугун корхона пахта хомашёсига бирламчи ишлов беришдан тортиб тайёр кийим-кечак тикишгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган улкан кластерга айланди.

Бу ерда 880 киши ишламоқда. Кластер йилига 30 минг тонна пахта хомашёсини қайта ишлаш қувватига эга. Ўтган йили бу ерда жами 240 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 6 миллион долларликдан зиёд экспорт қилинган.

Бу катта ишларнинг биринчи натижалари. Лекин корхонадаги босқичлар ҳали охиргиси эмас.

Энди кейинги босқичларни ўзлаштириб, инновацион технологияларни жорий этиб, қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтиришга ҳаракат қилиш керак“, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йили кластерда табиий  ва кимёвий толадан тайёр кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Қиймати 25 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа натижасида экспорт ҳажми 30 миллион долларга етиши, қўшимча мингта иш ўрни очилиши мўлжалланган.

Шавкат Мирзиёев пахта етиштиришда қўлланилаётган инновацион усуллар ҳақида маълумот берилди.

Кластер томонидан 1 минг 200 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилган. Натижада сув сарфи камайиб, ернинг унумдорлиги ошган. Айрим фермер хўжаликлари пахтадан 70 центнергача ҳосил олган. Бир туп ғўзада 190 тагача кўсак бўлган.

Шавкат Мирзиёев бундай самарали ишларни давом эттириш, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, жумладан, хориж тажрибаси асосида маҳаллий томчилатиб суғориш технологияси ишлаб чиқариш зарурлигини таъкидлади.