“Толибон” ҳаракати матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид Афғонистонда ИШИД террористик гуруҳи жангчиларига қарши кўплаб операциялар олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Tolo News хабар бермоқда.

Мужоҳиднинг айтишича, толиблар мамлакатнинг кўплаб вилоятларида ИШИДга қарши ўтказилган операциялар натижасида уларнинг кўплаб турар жойлари аниқланиб йўқ қилинган.

Шунингдек, Мужоҳид ИШИДга қарши курашда АҚШнинг ёрдами керак эмаслигини айтди.

ИШИД 8 октябрь куни Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги масжидда теракт содир қилди ва натижада 158 киши ҳалок бўлган 100 нафардан ортиқ одам яраланган.

Бундан бир неча кун авввал ИШИД “Толибон” жангчиларига пистирмадан ҳужум қилишган ва натижада 17 нафар толиб, 3 нафар ишидчилар ҳалок бўлган.

26 сентябрь куни Афғонистоннинг Гор вилоятининг Чагчаран шаҳрида “Толибон” ва ИШИД террористик жангчилари ўртасида отишма юз берди. Ушбу отишма натижасида ИШИД жангараси ва маҳаллий аҳолидан бир киши ҳалок бўлди, яна бир террорист “Толибон” томонидан қўлга олинди.

Эслатиб ўтамиз, август ойининг бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумини кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди.

Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш юз берди.

31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий хизматини тўхтатди. 6 сентябрь куни “Толибон” Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшир жанглар билан ўз назоратига ўтганини эълон қилди.