Қашқадарёни Самарқанд билан боғловчи довон давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашуви давомида маълум қилди.

Таъкидланишича, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамашининг 1 миллион аҳолисига қулай шароитлар яратиш мақсадида, Қашқадарёни Самарқанд билан боғловчи довон давлат-хусусий шериклик асосида қайта таъмирланади. Шунингдек, тоннел қурилишининг иқтисодий самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилади.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида келгуси беш йилда 140 та қишлоқ ва маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунга 1,6 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Вилоят аҳолисини қийнаб келаётган энг долзарб муаммолардан яна бири – уй-жой билан таъминлаш масаласидир. Жорий йилда уй-жой масаласида Халқ қабулхоналарига 6 минг нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, бу республикада энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.