Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев Пастдарғом тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув ва сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақида УзА хабар бермоқда.

Дастлаб О.Ҳайитов мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида тушунча берди. Жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ва уларнинг натижаларига тўхталди.

Қабул жараёнида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан 50 га яқин фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди.

Шунингдек, содир қилган жиноий қилмиши учун озодликдан чеклаш жазосига ҳукм қилинган 19 нафар фуқаро ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 23 нафар фуқаро вилоят суди раисига мурожаат қилди. Улар қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлигини, бундан буён қонун-қоидаларга амал қилиб ҳаёт кечиришини билдириб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Мамлакатда қонун устувор, жиноятга жазо муқаррар. Ҳар ким қилмишига яраша жазосини олиши аниқ, – дейди О.Ҳайитов. – Бироқ, қилмишининг оқибатини англаб етган, пушаймон бўлган, ўзига хулоса чиқарган шахсларга ҳукуматимиз енгилликлар бераяпти. Бугунги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам шунга қаратилган. Бугун сайёр суд мажлиси ташкил этилади ва суд ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб, қонуний хулоса қилади. Жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилганлар бутунлай қутилиб кетди, дегани эмас. Бу уларга имконият. Лекин бу яхшиликни, бағрикенгликни суиистеъмол қилмаслик керак.

Шундан сўнг, сайёр суд мажлиси ташкил этилди. С.Ходжимаматов жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2020 йил 10 августдаги ҳукмига кўра жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “г”банди билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Сайёр судда жазонинг ўталмай қолган 1 йил муддатини ўташдан озод этилди.

Шу тариқа барча мурожаатлар бирма-бир кўриб чиқилиб, аксарият мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Ўрганилиши вақт талаб қиладиган масалалар юзасидан аниқ муддат белгиланди.