ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзоди тасдиқланган Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги энг оғриқли нуқталар ҳақида фикр билдириб ўтди. У Қашқадарёда «Она ва бола тиббиёт кластери» ташкил этилишини маълум қилди.

Хабар берилишича, вилоятдаги болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, перинатал, скрининг ва репродуктив саломатлик марказлари ҳамда туғруқ комплекси бирлаштирилади. Шунингдек, ҳар йили 730 минг нафар болалар ва 90 минг нафар ҳомиладор аёллар витаминлар билан бепул таъминланади.

“Қашқадарёнинг олис ва чекка ҳудудларида яшайдиган 20 минг аҳолига оилавий поликлиникаларда кеча-ю кундуз сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Шаҳрисабз туманининг ‘Кўл' қишлоғидаги оилавий поликлиника янгидан қурилади.

Вилоятда келгуси икки йилда, 21 та маҳаллада оилавий поликлиника ва шифокорлик пунктлари ташкил этилади. Қон босими ва диабет касалликларини даволаш учун, аҳолига энг зарур дори воситалари бепул етказилади.

Онкологик касалликларни эрта аниқлаш учун 40 ёшдан ошган 132 минг аёл ҳар йили скрининг текширувидан ўтказилади”, — деди Шавкат Мирзиёев.